Фойдали

Бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимнинг қайтиши

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради”, дедилар”. Демак, банданинг садақаси қабул бўлиб қолса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмон ўлимни даф бўлиши бор нарса экан. “Садақа – радди бало” деган ҳикмат шундан келиб чиққан. Шунинг учун ҳар бир банда яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, балки кичик бир амал билан ҳам улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши, тушуниши ва шунга яраша амал қилиши керак экан. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, садақа нима?” дедим. “Кўпайгандан кўпаядиган. Аллоҳнинг ҳузурида зиёдаси бор”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг Расули, садақанинг қай бири афзал?” дедим.“Камбағалнинг қийналиб бергани, фақирга ўтади”, дедилар”.

Ўзида йўқ бўлиб туриб, буни берсам, ўзимга нима қолар экан, деб турса ҳам, ўзидан заифроқ одамни топиб берилган садақа афзал ҳисобланади. Чунки, моли оз одам садақа қилса ўз ҳавойи нафасини енгиб, ўзидан бошқани устун қўйиб садақа қилган бўлади.

Ислом динида садақанинг фазилати жуда улуғ ҳисобланади. Садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади. Қуръони каримда: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти, фақат Эҳсон (эзгулик)дир.(Ар-Роҳман сураси, 60-оят)”, – дея баён этилади. Яъни, киши ҳаётини гўзаллик билан буркашни истаса, аввало, ўзи бировларга яхшилик кўрсатиши лозим бўлади. Ер юзида ҳаёт бошланганидан буён амалда бўлган бу тамойилга шу кунларда халқимиз янада эътиборли бўлмоғи керак, десак сира муболаға бўлмайди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan