
Олий таълим ташкилотлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашувчи «Келажакка қадам» дастури амалга оширилади.
Бу борада Президентнинг «Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-61-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур дастурга мувофиқ:
- ўз бизнес ғояларини амалга ошириш истаги бўлган олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари учун бизнес ғояни тайёр лойиҳагача олиб бориш жараёнида тўлиқ ҳамроҳлик қилиш, шу жумладан қулай шартларда молиялаштириш;
- олий таълим ташкилотларининг битирувчи ва қуйи босқич талабалари ўртасида соҳалар бўйича очиқ танловлар ўтказиш ва ғолибларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш кабилар назарда тутилади.
Бунда:
- салоҳиятли иш берувчи ташкилотлар, шу жумладан йирик корхоналарнинг олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёжини аниқлаш ва мутахассисларга қўйиладиган талабларни шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади;
- танлов ғолибларини салоҳиятли иш берувчи ташкилотлар буюртмасига кўра индивидуал касбий таълим дастурлари асосида касбга дастлабки тайёрлаш тадбирлари молиялаштирилади;
- индивидуал касбий таълим дастурларида ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташ ва чет элдаги олий таълим ташкилотларида қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашиш имконияти яратилади.