ҲУҚУҚ

Маъмурий суд ишларини юритиш такомиллаштирилмоқда

Маълумки, 2017 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан шикоят бериш институти мавжуд бўлган, аммо у етарли даражада такомиллашмаган, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни тўлақонли ҳимоя қилиш имкониятини бермас эди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикасида 2017 йил 1 июндан давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқаролар ва юридик шахслар томонидан шикоят қилиш орқали ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган маъмурий судлар ташкил этилди.

Маъмурий судлар ташкил этилган қисқа муддат ичида судга тааллуқли ишлар доираси, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усуллари, ишларни кўриш принциплари, қонунчилик асослари, жумладан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида Кодекс, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, мавжудлари эса такомиллаштирилиб, маъмурий ишларни кўриб чиқишга ихтисослашган малакали судьялар корпусини шакллантиришга эришилди.

Натижада ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари маъмурий судлар қарорлари асосида тикланган фуқаролар ва юридик шахслар сони йилдан-йилга ортиб бориши таъминланмоқда.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби маъмурий суд ишларини юритиш борасида муайян тажриба, иш кўникмаси ва қонунчилик асослари шакллантирилганидан сўнг, ушбу институтни янада такомиллаштириш, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усулларини янада кенгайтириш, маъмурий суднинг ваколатлари, ишда иштирок этувчи шахсларга таъсир этиш имкониятларини кенгайтириш зарурати юзага келди.

Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 30 январдаги ПҚ-33-сонли Қарори маъмурий суд ишларини юритиш жараёнини янада такомиллаштиришда муҳим ўрин эгаллаши шубҳасиз.

Қарорда бир қатор йўналишларда концептуал ғоялар ва топшириқлар берилганлигини кўриш мумкин.

Жумладан, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари сифатида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор таъминлаш, суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш, самарали суд назоратини ўрнатиш, низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш, суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш белгиланди.

Шунингдек, Қарорда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурасига давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш, дастлабки эшитув институтини жорий этиш, маъмурий судларга маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Айтиб ўтиш жоизки, суд мажлисларида давлат органи ва мансабдор шахслар вакилларини мажбурий иштирокини таъминланиши берилган шикоятларни тўлақонли кўриб чиқиш имкониятини бериб, қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилинишини таъминлайди.

Маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув институти ташкил этилиши, иқтисодий судларда (судгача мажлис) ўзининг ижобий самарасини бериб, билдирилган талабни тўлақонли аниқлаш, тарафлар томонидан тақдим этилиши лозим бўлган далиллар тақдим этиш учун имконият яратади.

Қарорда 2025 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъекти томонидан тан олинган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича солиқ органи томонидан ушбу тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тартибини жорий этиш, тадбиркорлик субъекти солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олмаган ҳамда солиқ органи томонидан ўзининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб қўйилишига эътироз билдирган тақдирда, ушбу масала амалдаги тартибга мувофиқ солиқ органи аризасига асосан суд томонидан ҳал этилиши лозимлиги белгиланган.

Шунингдек, қарорда “ишончнинг ҳимоя қилиниши” принципини Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда алоҳида белгилаш, Вазирлар Маҳкамасига 2025 йил 1 июнга қадар назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари тан олган ҳуқуқбузарликлар бўйича молиявий жарималарни қўллашни (бундан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жарима қўллаш мустасно) назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари киритилишини таъминлаш, бунда молиявий жаримани қўллаш жараёнида тадбиркорлик субъекти вакили иштироки таъминланиши, жарима қўллаш бўйича қарор устидан шикоят берилганда, унинг ижроси тўхтатилиши, шунингдек, ноқонуний ва асоссиз қарор бўйича жарима ундирилган бўлса, ундирилган суммадан ҳар бир календарь кун учун тегишли бюджетдан Марказий банкнинг асосий ставкасида фоиз тўланиши инобатга олиниши лозимлиги қайд этилган.

Мазкур қарорга илова сифатида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия таркиби тасдиқланиб, Идоралараро комиссия зиммасига 2026 йил 1 июлга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш вазифаси юклатилган.

Айтиб ўтиш керакки, қарор билан тасдиқланган концепцияда бошқа йўналишлар билан бир қаторда фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда иқтисодий судлар томонидан кўрилаётган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча ишларни маъмурий судларнинг тааллуқлилигига ўтказиш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳамда маъмурий органга нисбатан қўзғатилган ишларнинг маъмурий судларга тааллуқлилигини қатъий белгилаш назарда тутилган бўлиб, маъмурий судларнинг бундай низолар бўйича мутлақ тааллуқлилигини таъминлайди.

Қарорда қайд этилган ғояларнинг амалиётга татбиқ этилиши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш,  қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва коллизияларни бартараф этиш билан бирга маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш имкониятини тақдим этади.

У.Р.Хусанов, П.Закирова

Зангиота туманлараро иқтисодий суди судьялари

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan