Мулкий ҳуқуқларни аниқлаш бўйича сўровларга архив ҳужжатидан нусха олишга Давлат хизматлари марказларидан мурожаат қилинади

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг халқимизнинг ҳақиқий тарихига бўлган қизиқиши беқиёс даражада ўсди, маънавий қадриятларни қайта тиклаш ҳаётий заруратга айланди. Бу эса халқ тарихий хотирасининг ажралмас қисми бўлмиш архивлар фаолиятини тубдан яхшилаш вазифасини кун тартибига қўймоқда. Республикамизда ўтган даврларда шаклланган ва ўз самарадорлигини амалда исботлаган архив тизими асосан сақланиб қолди.
Ўзбекистоннинг ҳозирги замон архив тизими идоравий архивлар, давлат архивлари ва шахсий архивлардан иборат. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қошида ҳужжатларни вақтинча сақлаш, улардан хизмат, ишлаб чиқариш, илмий ва бошқа мақсадларда фойдаланиш мақсадида идоравий архивлар ташкил этилган. Қонунда белгиланганидек, зарурат туғилганда идоравий архив ўрнига бирлашган идоравий ёки идоралараро архивлар ҳам тузилиши мумкин. Идоравий архивларда ҳужжатлар вақтинча сақланади. Белгиланган муддатдан сўнг идоравий архивларнинг ҳужжатлари давлат архивига топширилади. Ҳужжатларни идоравий архивларда сақлаш, улардан фойдаланиш ва ўз вақтида давлат архивларига топшириш учун мазкур идора ёки муассаса раҳбарлари жавобгардирлар. Идоравий архивларнинг фаолияти, ҳужжатларни идоравий архивлардан давлат архивларига ўтказиш тартиби “Архивлар тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош Архив бошқармаси тасдиқлаган низомлар асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.09.2021 йилдаги 597-сонли “Архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати, Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишда давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун YIDXPдан рўйхатдан ўтади.
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизматида жисмоний шахсларга ёки уларнинг яқин қариндошларига (эри ёки хотини, фарзандлари, неваралари, ака-ука ва опа-сингиллари) яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги давлат архивларида сақланаётган ташкилотлар бўйича ёзувларни тасдиқлаш юзасидан давлат хизмати кўрсатиш тартибини белгилайди. Тегишли давлат архиви сўровнома тушган вақтдан бошлаб йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлашга оид маълумотномалар учун 20 иш кунидан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотномани шакллантиради.
Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза берувчига яъни жисмоний шахсларга мулкий ҳуқуқлар, турар жойлар, алоҳида фактлар, воқеалар тўғрисидаги маълумотномани бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартибини белгилайди. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун мазкур Регламентга мувофиқ йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг 0.5 баравари миқдорида ундирилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ва I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга асословчи ҳужжатлар илова қилинган тақдирда, давлат хизматлари марказлари ёки YIDXP орқали давлат хизматини кўрсатишда мазкур давлат хизмати учун белгиланган йиғимлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади. Бунда мазкур шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун ёки юридик шахслар номидан мурожаат қилинганда чегирмалар қўлланилмайди. Тегишли давлат архиви сўровнома тушган вақтдан бошлаб жисмоний шахсларга мулкий ҳуқуқлар, турар жойлар, алоҳида фактлар, воқеалар тўғрисидаги маълумотномани бериш бўйича давлат хизмати учун 20 иш кунидан ошмаган муддатда тегишли ҚР-кодли маълумотномани шакллантиради. Сўровнома архив ҳужжатлари асосида кўриб чиқилиб, тегишли маълумот аниқланмаган тақдирда, тўланган йиғим миқдори ариза берувчига қайтарилмайди.
И. Чоршанбиев, Термиз туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази директори