ЎЗБЕКИСТОН

Сенат ҳуқуқ-тартибот ходимлари видеоларини «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатишни тақиқловчи қонунни маъқуллади

Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги  қонун ҳам кўриб чиқилди.

Мазкур қонун 2024 йил 16 августда ўтган чақириқ Сенатнинг 55-ялпи мажлисида ҳам кўрилган эди. Аввалги муҳокамалар жараёнида сенаторлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда йўл ҳаракати иштирокчиларининг тегишли қоидаларга риоя этиш маданиятини ошириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, республика ҳудудида йўл-транспорт ҳодисалари содир этилаётгани ва бунинг натижасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий зиён етаётганлиги ҳақида ўз фикрларини билдирган эди.

Қонунда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликнинг салбий оқибатларининг олдини олишга хизмат қилувчи янги нормалар ўрин олган.

Қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги 1952-моддаси ҳам тўлиқ қайта ишланди. Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириш ва тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тўлиқ сақланиб қолмоқда. Олдинги таҳрирдан фарқли равишда бор нарсани ижтимоий тармоққа қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмаяпти.

Қонунда фақат ходимларнинг тасвирини уларни обрўсизлантиришга олиб келадиган тарзда бузиб тарқатмаслик, яъни ходимнинг ҳаракатлари, сўзлари ва юз берган ҳолатни бузмаслик, шу мақсадда монтаж қилмаслик талаб этилмоқда.

Мазкур модда санкциясида белгиланган жарима миқдорлари ҳам қайтадан кўриб чиқилди. Жумладан, қатъий белгиланган БҲМнинг 50 баробари миқдоридаги(18 млн 750 минг сўм) жарима 20 баравардан(7 млн 500 минг сўм) 50 бараваргача(18 млн 750 минг сўм) этиб, қатъий белгиланган 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш 10 суткагача қисқартирилмоқда, яъни ҳолатдан келиб чиқиб, судья ундан ҳам камроқ муддат белгилаши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, ушбу моддада “ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото – ва (ёки) видеотасвирни уларни обрўсизлантиришга олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш” учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши, йўл ҳаракати иштирокчиларини йўлларда ҳаракатланиш маданиятини оширишга, йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракат давомида белгиланган қоидаларга амал қилишини таъминлашга, пировардида йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига хизмат қилади.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan