ХАБАРЛАР

Россиянинг Волгоград областида мигрантларга 9 та соҳада ишлаш тақиқланди

Россиянинг Волгоград области губернатори Андрей Бочаров имзолаган фармонга кўра, патент асосида ишлаётган мигрантларнинг 2025 йилда умумий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари сифатида ишга қабул қилиниши тақиқланади.

Бундан ташқари, уларга автобус ва таксиларни ҳайдаш, савдо ва ов қилиш ёки ёввойи ҳайвонларни тузоққа тушириш, автомобилларни таъмирлаш ва куриер сифатида ишлаш ҳам тақиқланади, деб хабар берди «7х7».

Бочаровнинг таъкидлашича: «Янги тизим меҳнат мигрантларини жалб қилиш жараёнини тартибга солиш, юқори малакали хорижий мутахассисларга эътиборни қаратиш имконини беради – улар, қоида тариқасида, иш берувчининг аризаси ва меҳнат визаси бўйича ишлайди, патент бўйича эмас».

Патент – бу Россияга визасиз режим ўрнатилган мамлакатлардан келган мигрантга маълум бир соҳада 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат. Уни олиш учун хорижлик бир қатор ҳужжатларни, жумладан, рус тилини ва Россия қонунчилиги асосларини билишини тасдиқловчи ҳужжатларни, миграция картасини, тиббий суғуртани ва шахсий гувоҳномани тақдим этиши керак. Шунингдек, Россияда патент бўйича ишлаётган чет эл фуқароси даромад солиғини олдиндан белгиланган миқдорда тўлайди.

Сўнгги бир йил ичида Россия миграция сиёсатини мунтазам равишда кучайтириб бормоқда: Россия областларининг учдан бирида мигрантлар меҳнатига чекловлар жорий этилган. Кўпинча уларга таксида ишлаш тақиқланади. Камида 18 та ҳудудда хорижликларнинг савдо соҳасида ишлашига чекловлар жорий қилинган. Айрим ҳудудларда мигрантлар меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш, кутубхоналар ва ҳаттоки молиявий хизматларда ҳам ишлай олмайди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan