ЎЗБЕКИСТОН

Бош прокуратура музейида қатағон қурбонларига бағишланган янги экспозициялар очилди

«Мен бу ерга айбсиз келганман, мен бу дунёдан айбсиз кетишиим керак, 
Дилоро (Динара), Худодан сенинг бу ердан эсон-омон чиқишинг ва
фарзандларимизга бош бўлишингни сўрайман…»

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг «Ўзбекистон прокуратураси тарих музейи»да қатағон қурбонларига бағишланган янги экспозицияларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда қатнашган кенг жамоатчилик беихтиёр юқоридаги суҳбатга, яъни қатағон қурбонининг сўроқ қилиниш жараёнида «иштирок» этди.

Қатағон қурбонлари, деганда доимо кўз олдимизга ёзувчилар, ўқитувчилар келади. Аммо улар орасида турли касб эгалари борки, аниқланишича фақат 1917-1940 йиллар орасида прокуратура ходимларининг 170 нафари қатағон  қилинган, уларнинг 30 нафари отиб ташланган. Ҳа, айнан ўтган йили 31 август куни давлатимиз раҳбари бир ташаббус билан чиққан эдилар, яъни турли йилларда қатағонга учраган прокуратура тизими ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг жасоратини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича. Шундан сўнг қисқа вақт ичида йўл харитасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳ таркибига прокуратура ходимлари томонидан турли илмий муассасалар, музейлардан олимлар, мутахассислар жалб қилинди. Бош прокуратуранинг «Ўзбекистон прокуратураси тарихи» музейининг қаровсиз ётган биринчи қавати ва ертўласининг жами 1 300 метр квадрат майдони жиҳозланиб, унда қатағон қилинган прокуратура ходимлари тўғрисидаги бир мингдан ортиқ тарихий маълумотлар ва тегишли тарихий кўргазмалар жойлаштирилди.

– Ишчи гуруҳ томонидан  бугунга қадар исмлари тарих саҳифаларида мавжуд бўлмаган 100 нафарга яқин қатағон қилинган қозилар, судьялар, ички ишлар органлари ходимлари, ҳуқуқшунослар, адлия нозирлари ҳақида маълумотлар шакллантирилди, – дейди Бош прокуратура кадрлар бошқармасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ойбек Султонов. –  Бош прокуратура ҳамда қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамкорлигида қатағонга учраган тизимимиз ходимларига бағишланган «Тарихий хотира беқиёс» номли китобнинг 1 ва 2-жилдлари нашр этилди. Мазкур китобга қатағонга учраган 80 нафар ходим ҳақидаги маълумотлар киритилди.

Бу ходимларнинг 10 нафари давлат ва сиёсат арбоби даражасига етган эди. 3000 дан ортиқ экспонатни ўзидан жамлаган музейнинг ўзига хослиги ҳар бир кўргазма, ҳар бир буюм архивдан олинган тарихий ҳужжатлар билан тақдим этилмоқда. Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейининг фарқли жиҳати ҳар бир экспонат остида тарихий фактнинг мавжудлиги, фактларга асосланганлиги. Ва музейни кенгайтириш асносида шундай факт ва далиллар юзага чиқмоқдаки, улар қатғон кўлами ва фожиаси ҳақидаги тасаввуримизни янада бойитмоқда ва ўзгартирмоқда. Мисол учун шўролар қатғонларининг даҳшатли даврида прокуратура органларидаги штат бирликлари 90 тага ҳам етмаганини инобатга олсак, 150 та ходимнинг қирғин, қувғин ва қатағонга учрагани бу тизимнинг ўзи ҳам қандай фалокатли йилларни бошдан кечирганининг далилидир.

Ростдан ҳам музей деганда ўша тарихдан сўзловчи суратлар, эскириб кетган қўлёзмалар, ҳужжатлар ва либослар, турли ашёлар кўз олдимизга келади. Аммо ушбу музейга кираверишингизда мутлақо ўзгача ҳис сизни чулғаб олади. Тарихнинг қора кунларини бошингиздан ўтказаётгандек бўласиз. Мана ўлим камераси, сомонли тапчан, эскириб кетган чойшаб. Ёки бўлмаса қанчадан-қанча одамга ўқилган ҳукмни чиқиллатиб ёзган машинка ва ўша давр одамларини, қатағон қилинган юртдошларимизнинг муляжлари. Яъни бу музейга киришингиз билан ўша даврнинг овозини эшитасиз, ҳидини ҳис қиласиз… Ўлим камерасида орқа ўгириб турган ватандошимиз ва унга қарата ҳарбий ўқ узмоқда – пақ-пақ. Худди сизнинг кўз олдингизда отилаётган қатағон қурбони. Сал нарироқда ўзбек ҳуқуқшунослигининг илк қалдирғочи Муҳаммаджон Мўминов сўроқ қилинмоқда… 

– Ҳозир замон тараққийлашди, технология асрида яшаяпмиз. Болаларни энди шунчаки китоб билан ёки жойидан қимирламас экспонатлар, стендлар билан қизиқтириб бўлмайди, бу музей рақамлаштирилгани билан барчанинг эътиборини тортади, прокуратура дунё музейчилигининг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олган, –  дейди тарихчи, олим Баҳром Ирзаев. – Америкада, Англияда дейсизми, одамлари доимо гавжум музейлар мана шундай жонлантирилган экспонатлари билан машҳур.

Маълумотларга қараганда ушбу музейнинг кенгайтирилиши, янги кўргазмалар билан бойитилиши асносида қатағон қилинган ҳар бир ходим учун алоҳида монография ва ҳужжатли филмлар тайёрланмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон ССРнинг биринчи прокуратура биноси Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳри, Очилди Мирий кўчасида жойлашганлиги аниқланган. Бундан 120 йил олдин қурилган ушбу бино қаровсиз ҳолда бўлиб, шахсий мақсадлар учун сотиб юборилганлиги ва бузиб ташлаш арафасидалиги аниқланиб, прокуратура аралашуви ва маданий мерос объекти рўйхатига олинди ва ҳозирда реконструкция ишлари бошланган.

Музей менда бошқача таассурот қолдирди. Қатағон қурбони бўлган юртдошларимнинг оғриқларини, ўша давр мудҳишликларини ҳис қилдим. Музейларимиз сони нафақат ошгани, балки ўзгача бир ёндашув билан ёндашилгани таҳсинга сазовор. Кўпчиликнинг хаёлида айланаётган, бу музей прокуратура биносида бўлса ҳамма ҳам кира оладими деган саволга жавоб – ҳа, бу музей кенг жамоатчилик учун мўлжалланган. Агар сиз шу юртнинг фарзанди, бизнинг мустақиллигимиз учун жон олиб, жон берган ватандошларимиз ҳақида яна бир ўша даврнинг фожеаларини рўйи рўст айтиб берадиган ушбу музейга бир бор ташриф буюрмасангиз, қатағон қурбонлари ҳақида кўп эшитдим ёки ўқиганман деманг…

Фарзандларингиз билан ушбу музейга албатта ташриф буюринг, зеро бу юрт ҳурлиги учун қанчадан-қанча ота-боболаримиз жон олиб жон берганини тарихий ҳужжатлар нафақат жимгина «гапириб» беради, балки уларнинг овозини эшитасиз, ташвишларини, оғриқларини, азобларини ҳис қиласиз – изтироб чекасиз…

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan