
Қирғизистоннинг «Элкарт» миллий тўлов тизими Ўзбекистоннинг «Uzcard» картаси билан интеграцияга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Озарбайжоннинг «Trend» нашри «Элкарт» матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Бу бўйича ташкилотлар вакиллари жорий йилнинг 24 октябрь куни ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳужжат доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида бир неча босқичда ягона тўлов экотизимини яратиш режалаштирилган.
“Элкарт»нинг қайд этишича, биринчи босқичда иккита тўлов тизимининг карталари ўртасида пул ўтказмаларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Кейин эквайринг, жумладан, банкоматлардан нақд пул ечиб олиш ва бошқа тизимнинг ПОС-терминалларида бир тизим карталари билан тўловларни амалга ошириш жорий этилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун транзакцияларга минимал вақт сарфлаган ҳолда янги ечимлардан фойдаланилади, бу эса бир зумда ўтказмаларни амалга ошириш имконини беради. Фойдаланувчиларга маълумотлар хавфсизлиги, рухсатсиз кириш ва фирибгарликдан ҳимояланиш кафолатланади.
«Элкарт» хорижда карталар орқали трансчегаравий тўловларни амалга ошириш имконияти Ўзбекистон ва Қирғизистон молиявий инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилишини кутмоқда. Бу, ўз навбатида, ўзаро савдо, туризм ва иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантиради.