Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукуматининг иқлимга мослашиш учун институционал тизимини мустаҳкамлаш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш чораларини тезлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 250 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади.
Иқлимга ўтиш жараёнини тезлаштириш дастури Ўзбекистон ҳукуматини ислоҳотнинг учта йўналишида қўллаб-қувватлайди:
- муассасаларни ва давлат молия бошқарувини мустаҳкамлаш;
- сув ва ер ресурслари бошқаришда, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий ҳимоя тизимларида иқлимга чидамлиликни ошириш;
- транспорт ва энергетика каби тармоқларда кам углеродли иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш.
«Дастур айни пайтда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, иқтисодиётни карбонсизлантириш ва табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга устувор аҳамият беради. Ўзбекистон иқтисодиёти энергияни энг кўп истеъмол қиладиган давлатлар сирасига киради, шу боис дастур ҳукуматнинг 2030-йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бунда, камайтиришга қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш орқали эришилади», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.
«Ўзбекистоннинг сув ресурслари иқлим ўзгариши ва самарасиз фойдаланиш туфайли жиддий хавф остида. Ушбу дастур сув хавфсизлигини таъминлаш ва мўрт экотизимларга таҳдид солаётган чўлланишнинг тезлашишига қарши курашиш учун иқлим ўзгаришини инобатга олган ҳолда суғориш тизимларини модернизация қилиш ва сув ресурсларини ақлли бошқаришга инвестицияларни рағбатлантирадиган қонунчиликнинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди», — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арайа.
«Дастур сиёсатни мувофиқлаштиришни такомиллаштириш, бюджет ресурсларини мақсадли тақсимлаш ҳамда иқлим билан боғлиқ харажатлар ва кўрсаткичлар учун мониторинг ва ҳисобдорликни кучайтириш орқали иқлим ўзгариши билан боғлиқ мураккаб муаммоларни ҳал қилишда ҳукумат салоҳиятини ошириш учун ишлаб чиқилган», — деди ОТБнинг Давлат сектори бўйича бош мутахассиси Ханиф Рахемтулла.