БМТнинг Фаластинда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе Исроилнинг БМТдаги аъзолигини вақтинча тўхтатиш таклифи билан чиқди.
Махсус вакилга кўра, айни пайтда нафақат Ғазода, балки Исроил оккупацияси остидаги Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда ҳам фаластинликлар зўравонлик қурбони бўлмоқда. Фаластин ерларида кузатилаётган ҳолат эса этник тозалаш ва айирмачилик сиёсати деб баҳоланмоқда.
«Халқаро ҳуқуқни бузишни бас қилиб, оккупацияни тўхтатмагунча қадар Исроилнинг БМТдаги аъзолигини қайта кўриб чиқиш ёки муваққат равишда тўхтатиб туришни тавсия қиламан», – деди Ф.Альбанезе.
Таъкидланишича, Исроилнинг фаластинликларга нисбатан халқаро сиёсатни бузган ҳолда амалга ошираётган зўравонликлари геноцид ҳисобланади.
Махсус маърузачига кўра, Исроил Халқаро суд қарорига бўйсунган ҳолда қуролли кучларини Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудудларидан олиб чиқиши, келгиндилар манзилгоҳларини йўқ қилиши, Фаластинга тегишли табиий бойликлардан фойдаланишни тўхтатиши ва уларга товон тўлаши керак.
Франческа Альбанезе БМТга аъзо давлатларга Исроилни ирқчилик ва айирмачилик сиёсатини юритаётган давлат деб топишни тавсия қилган. Халқаро жиноий суд прокурорига эса Тель-Авив томонидан содир этилаётган геноцид ҳаракатларини текшириш лозимлиги эслатилган.
БМТ махсус маърузачиси Ф.Альбанезе халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларидан кўз юмган ҳолда Исроилни сўзсиз дастаклаб келаётган Ғарб давлатларини ҳам танқид қилган.