“Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг консептуал лойиҳаси маъқулланди
Пул-кредит сиёсатининг 2025-2027 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари жорий макроиқтисодий шароитларнинг ўрта муддатли истиқболдаги ривожланиши бўйича Марказий банкнинг қарашларини ифодалаб, ушбу даврда нархлар барқарорлигининг мақсадли кўрсаткичларига эришишга қаратилган пул-кредит сиёсати чораларини белгилайди.
Ташқи ва ички шароитларнинг ўрта муддатли истиқболдаги ўзгариш траекториялари, мавжуд ноаниқликлар ва хатарларнинг инфляцияга эҳтимолий таъсирларидан келиб чиқиб пул-кредит сиёсатининг келгуси йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари макроиқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийлари асосида ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, эҳтимоли доим мавжуд бўлган инфляцион хатарларнинг кучайишига асосланган хатарли сценарий ҳам кўриб чиқилди.
Асосий сценарий ички ва ташқи шароитлар жорий суръатларда ривожланишда давом этиши, хусусан глобал инфляциянинг пасайиб бориши, жаҳонда иқтисодий ўсиш суръатларининг ижобий ва халқаро бозорларда хомашё нархларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши, мамлакатда инвестицион талабнинг ошиб бориши ҳамда таркибий ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг фаол давом эттирилиши шартлари асосида ишлаб чиқилди.
Ушбу сценарий доирасида ЯИМнинг реал ўсиши нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ва фискал консолидация таъсирида 2025 йилда 5,5-6,0 фоиз, 2026 йилда 5,5-6,5 фоиз, 2027 йилда эса 6,0-6,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг таъминланиши ҳисобига истеъмол талабининг мўътадиллашуви ва инфляциянинг 2025 йилда 6,0-7,0 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
Шунингдек, келгуси йилда тартибга солинадиган нархларнинг кутилаётган навбатдаги оширилиши ҳамда озиқ-овқат инфляциясининг 2024 йилдаги паст база таъсирларини инобатга олиб, инфляциянинг 5 фоизлик таргет даражасигача пасайиши 2026 йилнинг иккинчи ярмида содир бўлиши бўйича асосларни юзага келтирмоқда.
Таргетга эришиш муддатининг узайтирилиши жорий шароитлар ва инфляцион омиллардан келиб чиқиб умумий макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда инфляциянинг босқичма-босқич пасайтириб борилишини англатади.
Шу билан бирга, инфляциянинг монетар омилларини камайтиришга ва базавий инфляциянинг барқарор пасаювчи траекториясини таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсати ва макропруденциал сиёсатининг ўзаро уйғун чоралари кучайтирилади.
Муқобил сценарий жорий ички шароитларнинг сақланиб қолиши ва ташқи хатарларнинг ортиши, жумладан глобал инфляциянинг узоқроқ муддат юқори даражада шаклланиши, айрим йирик иқтисодиётларда иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши ва жаҳон иқтисодиёти фрагментациясининг кучайиши бўйича хатарларнинг ички иқтисодиётга салбий таъсирларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
Бунда, ташқи хатарларнинг иқтисодий ўсишга салбий таъсирлари юқори бўлиб, ташқи талабнинг пасайишидан кўриладиган иқтисодий ривожланишдаги йўқотишларни камайтириш ва ички талабни қўллаб-қувватлаш асосан фискал рағбатлантиришлар ҳисобига амалга оширилиши назарда тутилди. Натижада, иқтисодий ўсиш суръати 2025 йилда 5,0-5,5 фоиз, 2026 йилда 5,0-6,0 фоиз доирасида шаклланиши, 2027 йилда эса 5,5-6,5 фоизгача тикланиши тахмин қилинмоқда.
Муқобил сценарийда иқтисодий фаолликнинг маълум даражада пасайиши ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши фонида умумий инфляция 2025 йилда 7-8 фоизга, 2026 йилда 6 фоизга яқин бўлиши ва 2027 йилнинг биринчи ярмида 5 фоизлик таргетигача пасайиши кутилмоқда.
Ушбу сценарий шартлари юзага келган тақдирда пул-кредит шароитларини асосий сценарийга нисбатан қатъийроқ шакллантириш, хусусан, асосий ставкани ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.
Хатарли сценарийда минтақадаги иқлим ўзгаришининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсири, ишлаб чиқаришнинг чекланганлиги шароитида фискал рағбатлантиришларнинг кучайтирилиши ҳамда энергия ресурслари таклифининг талабга номутаносиб бўлиши ҳисобига инфляцияни оширувчи таклиф томондан хатарлар эҳтимоллиги инобатга олинди. Мазкур хатарлар таъсирида умумий инфляция 2025 йилда 8-9 фоиз, 2026 йилда 7-8 фоиз атрофида шаклланиши ва 5 фоизлик таргетга 2027 йилнинг охирида етиши кутилмоқда.
Ушбу сценарий шароитида, инфляцион босимларни пасайтириш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилади ва пул-кредит шароитлари қатъийлаштирилади. Шунингдек, ҳукумат билан биргаликда инфляцияга номонетар омиллар таъсирини камайтириш чоралари янада фаоллаштирилади.
Макроиқтисодий ривожланишнинг ҳар қандай сценарийси шароитида ҳам пул-кредит сиёсати чоралари Марказий банкнинг асосий мақсади бўлган нархлар барқарорлигини таъминлашга, хусусан, инфляцияни 5 фоизлик таргетигача пасайтириш ва ушбу даражада барқарор шаклланишига қаратилади.
Шу билан бирга, келгуси йилларда пул-кредит сиёсати чоралари таъсирчанлигини ошириш мақсадида:
пул-кредит сиёсати қарорларини иқтисодиётга самарали трансмиссиясини таъминлаш мақсадида операцион механизм ва банклараро пул бозорлари такомиллаштириб борилади;
қисқа муддатли прогнозлаш моделлари қатори кенгайтирилади, ўрта муддатли прогноз моделлари параметрлари кўриб чиқилади ва жорий иқтисодий реалликка мувофиқлаштирилади;
кредитлаш фаоллигини мувозанатлаштиришда пул-кредит ва макропруденциал сиёсат чораларини ўзаро мувофиқликда қўллаш фаол давом эттирилади;
шаффоф пул-кредит сиёсати коммуникациясини амалга оширишда давом этади ҳамда мулоқот каналларини кенгайтириш ва статистик маълумотлар кўламини ошириш асосий йўналишлардан бўлади.
“Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг консептуал жиҳатдан маъқулланган дастлабки лойиҳаси Марказий банкнинг расмий саҳифаларида эълон қилиниб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.