ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистоннинг Покистондаги янги элчиси иш бошлади

Ўзбекистоннинг янги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алишер Тўхтаев Исломобод шаҳридаги «Айван-е-Садр» саройида Покистон Президенти Асиф Али Зардарига ишонч ёрлиқларини топширди.

«Дунё» АА хабарига кўра, расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

«Покистон Президенти Ўзбекистон етакчисига чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этиб, энг эзгу ва самимий тилакларини етказишни сўради. Президент Асиф Али Зардари Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги узоқ муддатли биродарлик муносабатларининг мустаҳкам пойдевори бўлган муштарак маданий, тарихий ва маънавий-маърифий ришталарнинг муҳимлигини таъкидлади», – дейилади хабарда.

Мулоқот чоғида, шунингдек, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича юқори салоҳият мавжудлигига эътибор қаратилди. Яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Маданий-гуманитар, туризм алмашинуви масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Покистон раҳбари мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонга бориши учун виза тартиби соддалаштирилганидан мамнунлик билдирди. Жорий йил ноябрь ойида қайта тикланиши режалаштирилган Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқимини ошириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги туртки бўлиши урғуланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan