Литва октябрь бошигача миллий эвакуация режасини ишлаб чиқишни якунлайди. Бу ҳақда мамлакат IIV раҳбари Агне Билотайте маълум қилди. Вазирнинг айтишича, ҳозирда ҳар бир ўзини ўзи бошқариш органлари эвакуация дастурига эга, бироқ мамлакат учун миллий миқёсдаги лойиҳа зарур.
Украинадаги уруш фонида Болтиқ давлатлари гибрид ва дезинформация ҳужумларига учрай бошлади, минтақадаги қўпорувчилик ҳаракатлари эса «янги реалликка» айланди.
«Таъкидлаш керакки, биз олд позицияда турибмиз, шу боисдан ҳозирда фуқаро муҳофазаси кун тартибимизнинг устувор йўналишига айланди», — дейди Билотайте.
Вазирнинг сўзларига кўра, аҳоли ҳимояси бўйича ишлар минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун Болтиқ давлатлари Европа Иттифоқига молиялаштириш бўйича ариза киритади.
«Имкониятларимизни бирлаштириш ва минтақавий даражада ҳам, Европа Иттифоқи даражасида ҳам мувофиқлаштирилган тарзда ҳаракат қилиш вақти келди. Ҳа, бу жуда қиммат, лекин биз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ЕИдан тегишли ёрдам олиш имкониятларини муҳокама қилишимиз керак», — дейди у.
Литва ҳукумати июль ойининг охирида ҳарбий босқин содир бўлган тақдирда аҳолини бутун республика ҳудудидан оммавий эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқишга киришган эди. Билотайте ўшанда ушбу чора-тадбирларни Мудофаа вазирлиги, Алоқа вазирлиги ва Инқирозларни бошқариш миллий маркази билан муҳокама қилган.
«Вазирликлар билан аҳолини эвакуация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича уларнинг вазифалари тўғрисида келишувга эришилди ва ҳозирда муниципалитетлардан имкониятлар ҳамда эҳтиёжлар бўйича аниқ маълумотлар кутилмоқда», — дейилган эди ИИВ матбуот хизматининг ёздаги хабарида.
Ўшанда Полша, Литва, Латвия ва Эстония етакчилари Европа Иттифоқига Россия ҳамда Беларус чегараси бўйлаб мудофаа чизиғини тортиш таклифини илгари сурганди. Шарқий чегарада мудофаа инфратузилмасининг пайдо бўлиши, дезинформация, киберҳужумлар, иқтисодий босим ва миграция инқирозини яратишга уринишларни ўз ичига олган гибрид таҳдидлар муаммосини ҳал қилади.