КОРРУПЦИЯ

Сурхондарёда очиқликни таъминлашга оид мажбуриятларга риоя этиш ҳолати таҳлил қилинди

Кеча Сурхондарё вилоятида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлиги ва очиқликни таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тузилган Ишчи гуруҳ вакиллари, жумладан, Жамоатчилик билан алоқалар, мурожаатлар билан ишлаш ва халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. Камилов, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши котиби  С. Абдураимов, ҳудудий Кенгаш аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор очиқликни таъминлашга ва ахборот тизимларида маълумотларни кенгроқ ва тизимли тарқатишга қаратилди. Қарорлар қабул қилишда жамоатчилик иштирокини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашда очиқлик асосий йўналишлардан бири сифатида кўриб чиқилди. Бу масала жуда долзарб бўлиб, коррупцияга қарши курашишда ахборотнинг шаффофлиги ва унинг оммага ўз вақтида ва тўғри етказилиши муҳим ўрин тутади.

-Порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш каби ҳолатларга, коррупциянинг барча кўринишларига барҳам беришда турли идоралар ва аҳоли орасида тарғибот ишларининг самардорлигини ошириш, давлат идораларини очиқлигини таъминлаш, идоралар фаолиятининг молиявий натижаларини очиб берадиган, коррупцияга қарши чораларни ошкор этишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш бўйича ички назоратни йўлга қўйишни таъминлаш, давлат органлари ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш каби таъсирчан чоралар кўриш лозим,- дейди А. Камилов, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги жамоатчилик билан алоқалар, мурожаатлар билан ишлаш ва халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Тадбирда ҳудуддаги коррупцияга қарши кураш ишлари етарли даражада олиб борилмаётгани қайд этилди. Йиғилишда вилоятдаги коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва амалиётларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Ҳудудий ҳокимликлар, ташкилотлар ва корхоналарнинг ахборот тизимларидаги маълумотлардан кенг фойдаланиш, уларни мунтазам янгилаш бўйича кўрсатмалар берилди. Бундан ташқари, очиқликни таъминлаш орқали фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини ошириш ва коррупцияга қарши кураш самарадорлигини яхшилаш имкони муҳимлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Улар асосида маҳаллий ҳокимликлар ва давлат бошқарув органлари учун амалий кўмак кўрсатиш бўйича қўшимча чоралар ишлаб чиқилди. Шунингдек, очиқликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш ишларини самарали амалга ошириш бўйича таклифлар берилди.

Дарҳақиқат, ахборотнинг очиқлиги ва шаффофлиги нафақат коррупцияга қарши курашишда, балки жамиятнинг умумий ривожланиши ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ташкилотлар ва корхоналарнинг ахборот тизимлари самарали ва шаффоф ишлаши орқали, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланади.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида “Коррупциясиз ҳаёт” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan