ДУНЁ

Туркияда Instagram блокланди

Блоклашнинг сабаблари ва муддати кўрсатилмаган. Аммо бу ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

Туркияда технология ва коммуникациялар кенгаши қарори билан 2 август куни эрталаб Instagram ижтимоий тармоғига кириш блокланди. Блоклашнинг сабаблари ва муддати кўрсатилмаган.

Birgün газетасининг ёзишича, Эронда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши муносабати билан билдирилган таъзиялар Instagram томонидан блокланган. Ижтимоий тармоққа киришнинг чекланиши шу билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Транспорт ва инфратузилма вазири ўринбосари Ўмер Фотиҳ Саян ижтимоий тармоқнинг блокланишига муносабат билдирди.

«Ғарб мамлакатларига келсак, ижтимоий тармоқ [Instagram] кўплаб масалалар, хусусан, жиноятлар бўйича тезкор чоралар кўрмоқда. Бизга нисбатан ҳам шундай сезгирлик ва адолатли позицияни талаб қиламиз… Биз уларга юртимизда ваколатхона очишни таклиф қилдик, халқимиз ҳақ-ҳуқуқлари бузилишининг олдини олайлик, дедик. Улар келишни хоҳламади. Уларга билдирилган жиноятлар юзасидан зарур чоралар кўрилмади… Улар: «Билганимни ўқийман, хоҳлаганимни нашр қиламан, хоҳламасам нашр этмайман», дейди. Биз буни қабул қилмадик ва қабул қилмаймиз. Биз қадриятларимизни ҳурмат қиладиган ва нотўғри маълумотлардан холи янада тоза, хавфсизроқ ижтимоий тармоқлар яратиш учун қўлимиздан келганини қиламиз», деди у.

31 июл куни Туркия президенти администрацияси коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фаҳреттин Алтун ҲАМАС Сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳаниянинг вафоти муносабати билан билдирган ҳамдардлик пости Instagram томонидан ўчирилганини маълум қилди.

«Instagram ижтимоий медиа платформасини постни ҳеч қандай асоссиз чоп этишга рухсат бермагани учун кескин қоралайман. Бу цензурани жорий қилишга жуда аниқ ва равшан уринишдир», деб ёзди у.

CNBC-e телеканалига кўра, Технологиялар кенгаши ижтимоий тармоқлар ишини чеклаш учун ўз ваколатларидан фойдаланишга ҳақли, бироқ унинг қарори 24-48 соат ичида судлар томонидан тасдиқланиши керак. Instagram билан боғлиқ ҳукм Анқара суди томонидан 2 август куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Ҳозир Туркияда машҳур ресурсга компютер ва мобил қурилмалар орқали кириш имкони йўқ. Кўпгина фойдаланувчилар VPN ёки бошқа муқобил йўллар билан ижтимоий тармоқдан фойдаланишга уринмоқда.

Қайд қилинишича, 85 миллион аҳолига эга Туркияда Instagram фойдаланувчилари сони 50 миллиондан ошади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan