STATISTIKA

Ярим йилда биржа савдолари орқали қиймати 873,5 миллиард сўм олтин, 3 миллиард сўм миқдорида кумуш сотилди

2024 йилнинг 1-ярим йиллигида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг аcосий йўналишлари бўйича ижобий натижаларга эришилган. Хусусан, бунда барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилнинг 1-ярим йиллигига нисбатан 24,5 фоизга ўсиб, 85,3 триллион сўмни ташкил этган. Тузилган битимларнинг қарийб 74 фоизи биржа савдоларига, қолган қисми, яъни 26 фоизи электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.

– Олти ойлик якунларига асосан биржада 116,6 мингта янги мижоз рўйхатдан ўтказилди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 67 фоиз кўпдир. Биржа савдолари орқали хусусий сектор субъектлари томонидан 1000 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар сотилди. Ўтган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг «яшил энергетика секцияси»да илк бор «яшил энергия» сертификатлари сотила бошлади. Хусусан, ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра, биржа орқали 257,2 миллион сўмлик қарийб 19 мингта сертификат сотилди. Биржа котировкаси бир дона сертификат учун 13565,2 cўмни ташкил қилди. «Яшил энергия» сертификатларининг биржа савдолари орқали сотилиши қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини шакллантиради. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини Европа ва бошқа ривожланган давлатлар бозорларига экспорт қилиш учун имтиёзлардан фойдаланиш имконини беради, –деди З.Камолов.  

Шунингдек, тадбирда кўплаб соҳаларда биржа савдолари бўйича эришилган кўрсаткичларга тўхталиб ўтилди. Унда қайд этилишича, биржа савдолари орқали 260 тонна артемия цисталари сотилиб, маҳсулотнинг бир тоннаси ўртача 260 миллион сўмни ташкил қилган. Биржа савдолари давомида бозор нархларининг шаклланиши эвазига сотувчи корхона 121,3 миллиард сўмлик қўшимча даромад олган. Ўтган олти ой якунларига кўра, умумий қиймати 876,5 миллиард сўмлик 1,3 тонна қимматбаҳо металлар сотилган. Бунда биржа орқали сотилган олтиннинг қиймати 873,5 миллиард сўм, кумушники 3 миллиард сўмни ташкил қилган. Бу эса 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 маротабага ошган. Таъкидлаш керакки, ушбу давр Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида олтин бўйича шаклланган биржа котировкаси 1 грамм учун 794,2 минг сўмдан 944,7 минг сўмгача, яъни 19 фоизга ўсган.  

Тадбирда масъуллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 июндаги «2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди.  

– Мазкур қарорга мувофиқ, жорий йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил буғдой ҳосилидан вақтинчалик сақлашга топширилган 3-синф буғдой Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали сотила бошлади, – деди «ЎзРТХБ» АЖ бош маклери Исломбек Ибрагимов. – Жорий йил 1-29 июль кунларида очиқ биржа савдолари орқали 180 минг тонна буғдой 2 минг 900 дан зиёд маҳаллий ғалла етиштирувчи фермерлар ва ғаллачилик кластерлари томонидан сотилди. Ўтган даврда буғдойнинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2 555,1 минг сўмни ташкил қилди. Биржада буғдой бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархига нисбатан 0,6 фоизга ўсди. Аҳамиятлиси, ўтказилаётган биржа савдолари давомида буғдой учун биржа нархлари талаб ва таклиф асосида шаклланиб, тузилган битимлар доирасидаги барча тўловларнинг амалга оширилиши биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатланмоқда.  

Матбуот анжуманида давлат харидлари ва электрон тижорат савдо тизимларида жорий этилган янгиликлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Унда «ЎзРТХБ» АЖ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Абдуқаҳҳоровнинг қайд этишича, биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга ошиб, 21,5 триллион сўмни ташкил қилган.  

– Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 21 фоизга ўсиб, 4,7 триллион сўмга тенг бўлди. Биржанинг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 426,2 миллиард сўмлик 104,9 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Авторақамларнинг сотуви сони ва ҳажми бўйича уч баробарга ўсди. Сотилган авторақамларнинг 97 фоизи жисмоний шахсларга ва қолган 3 фоизи юридик шахсларга тўғри келган. Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 1,7 миллион сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 517,1 миллион сўмни ташкил қилди. Шунингдек, mobilraqam.uzex.uz савдо тизими орқали жами 13,1 миллиард сўмлик 3 минг 224 та мобил рақам сотилди. Сотилган мобил рақамларнинг умумий қиймати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки маротабага ўсди, – деди Ж.Абдуқаҳҳоров.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan