ДУНЁ

Европа Иттифоқи Россия активларидан тушган фойдани биринчи марта Украинага ўтказмоқда

Европа Иттифоқи биринчи марта Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадни Украинага ўтказади. Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен 26 июль, жума куни ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтида маълум қилганидек, тўлов миқдори 1,5 миллиард еврони ташкил этади, тўлов шу куни ўтказилади.

«Украина ва бутун Европани яшаш учун хавфсизроқ жойга айлантириш учун Кремль пулидан фойдаланишдан яхшироқ нарса йўқ», деб ёзди фон дер Ляйен. 

Ўз навбатида, Кремль расмий вакили Дмитрий Песков «Европа комиссиясининг бундай қадамлари жавобсиз қолмаслигини» айтди. 

«Бу, албатта, Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилаётган ноқонуний қарорларга жавобан ўйланган ҳаракатлар учун сабаб, лекин улар бизнинг манфаатларимизга тўлиқ мос келиши керак», – дея Песковнинг сўзларини келтиради «Интерфакс» агентлиги.

ЕИ майда Россия активларидан даромадни Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш режасини келишиб олди

Май ойида Европа Иттифоқи элчилари Брюсселдаги йиғилишда узоқ давом этган маслаҳатлашувлардан сўнг, музлатилган Россия активларидан тушган маблағларни Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштириш учун ишлатиш режасини келишиб олдилар. 

Ўша пайтда ЕИга раислик қилган Бельгия хабарига кўра, пул Украинанинг тикланишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакат мудофаасига сарфланади. Бундан ташқари, фақат 2024 йилда тўловлар миқдори 3 миллиард еврогача етиши мумкин. 

Ушбу режа бўйича музокаралар, жумладан, Австрия ва бошқа бир қатор давлатлар қурол ва ўқ-дориларни тўғридан тўғри етказиб беришда иштирок этишдан бош тортганлиги сабабли узоқ давом этди. Уларнинг илтимосига кўра, Россия даромадларидан келадиган фоизларнинг бир қисми ёрдам бошқа турларига йўналтирилиши тўғрисида келишувга эришилди, дея хабар беради Германиянинг дпа агентлиги. 

G7 давлатлари Киевга Россия активлари ҳисобидан 50 млрд доллар ажратади

G7 давлатлари, шунингдек, июнь ойида Киевга музлатилган Россия активларидан тушган даромад эвазига кредит беришга келишиб олди. Умуман олганда, «Катта еттилик» Украинага 50 миллиард доллар тўлашни режалаштирмоқда ва у қарзни Россия Федерацияси Марказий банкининг Ғарб мамлакатларида музлатилган активларидан ўтказилган фоизлар ҳисобидан тўлайди. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan