ДУНЁ

Хитой жануби-ғарбидаги 14 қаватли бино ёниб кетиши оқибатида 16 киши ҳалок бўлди

Хитой жануби-ғарбида 17 июль куни юз берган ёнғин оқибатида 16 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Хитой давлат матбуотига таяниб, CNN нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, ҳолат Сичуань провинциясининг Цзигун шаҳрида рўй берган. Ушбу шаҳарда жойлашган 14 қаватли савдо маркази ёниб кетган.

Ёнғин савдо марказининг айрим қисмларида давом этаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари пайтида юзага келгани хабар қилинган. Ҳозирга қадар 16 кишининг жасади ёнаётган бинодан олиб чиқилган.

Ёнғин ҳудудига 300 га яқин фавқулодда хизмат ходимлари ва маҳаллий ўт ўчириш бўлимидан ўнлаб машиналар жўнатилган. Тезкор ҳаракатлар туфайли 30 га яқин фуқаро қутқариб олинган.

18 июль куни эълон қилинган баёнотда Хитой Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин сабабларини имкон қадар тезроқ аниқлаш ва келажакда бу каби ҳолатлар қайтарилмаслигини таъминлаш учун қутқарувчилар ва вилоят расмийлари воқеа жойига жўнатилганини айтган.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь ойида Хэнань провинцияси марказидаги мактаб-интернатда ҳам ёнғин содир бўлган эди. Унда 13 нафар бола ҳалок бўлган. Кейинчалик Хитой жануби-ғарбида аралаш мақсадли бинода ёнғин чиқиши оқибатида ҳам 39 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan