ЎЗБЕКИСТОН

«Ўзмиллийбанк» Лондон фонд биржасида навбатдаги халқаро облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди

25-28 июнь кунлари Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки раиси Алишер Мирсоатов бошчилигидаги мамлакатимиз делегация ташриф билан Лондон шаҳрида бўлди.

Сафар давомида Лондон фонд биржасида умумий қиймати 411 миллион АҚШ долларига тенг бўлган халқаро облигациялар жойлаштирилди. Облигациялар икки қисмда, яъни 300 миллион доллар 5 йиллик муддатга ва 1,4 триллион сўм (111 миллион доллар) 3 йил муддатга қўйилди.

Ушбу молиявий операцияда «Deloitte» ва «Ernst & Young» каби етакчи аудит фирмалари, шунингдек, «Dentons» ва «Linklaters» сингари ҳуқуқий маслаҳат компаниялар иштирок этди.

Ташриф давомида етакчи глобал молия институтлари вакиллари — «JP Morgan», «Citibank», «Deutsche Bank», «NATIXIS», «Societe Generale», «Standard Chartered Bank» вакиллари билан гибрид шаклда музокаралар ўтказилди.

Лондон фонд биржасида ушбу облигацияларни чиқариш орқали тўпланган маблағлар Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Хорижий ҳамкорларнинг қайд этишича, «Ўзмиллийбанк»нинг ўзбек сўмида халқаро облигациялар чиқариш бўйича илк саъй-ҳаракатлари мамлакат ичидаги бошқа тижорат субъектлари учун намуна бўлиб хизмат қилади ва янги молиявий имкониятларни тақдим этади ҳамда ўсиш даврини бошлаб беради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan