
Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йилнинг 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга келяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф дастурига мувофиқ Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади.
Келтирилишича, кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, транспорт, логистика ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш режалари ўрин олган. Саммит якунлари бўйича ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Мўғулистон Президенти Хива шаҳрига ҳам ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси билан танишади.