ЖАМИЯТ

Деновлик ота алимент ўрнига икки нафар вояга етмаган фарзанди учун уй қуриб берди

Бу ҳаётда ҳар бир йигит-қиз муқаддас оила остонасига қадам қўяр экан, аввало, мустаҳкам оила қуриб, фарзандларини баркамол инсон қилиб, вояга етказишни орзу қилади.

Оилада фарзанд дунёга келганида нафақат ота-она, балки яқинлар ҳам хурсанд бўлади. Жамиятда ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни энг қувончли кун деб билади.

Афсуски, оилавий ажримлар бугунги кунда долзарб муаммо, жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурди. Энг ачинарлиси оилавий ажримдан сўнг вояга етмаган фарзандлар таъминотига бефарқлик билан қараётганлар ҳам йўқ эмас.

Яна шундай ота-оналар борки тақдирга тан бериб фарзандларидан айро яшаётган бўлса-да, уларнинг таъминотидан доим хабар олиб, ғамхўрлик қилиб келишмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Денов туман бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига кўра туманнинг “Ёшлик” маҳалласида яшовчи Жамшид Чориев 2009 йил ва 2011 йилда туғилган икки нафар фарзандлари учун 2013 йилдаги суд буйруғига асосан алимент тўлаб келаётган бўлса-да, фарзандлари учун уй қуриб беришни ният қилди ва унга эришди.

Алимент тўловчи ота қурилиши давом этаётган 5 хонали уйни собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда фарзандлари номига расмийлаштириб берди.

Ҳужжатлар нотариал тартибда расмийлаштирилгандан сўнг, ижро ҳужжати белгиланган тартибда муддатидан олдин тугатилиб, Ж.Чориевга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинди.

Жасур Соатов, Бюронинг Денов туман бўлими давлат ижрочиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan