
Мажбурий ижро бюроси Музработ туман бўлими иш юритувидаги алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатига кўра туманда яшовчи Ж.Тўраев 2015 йил март ойидаги суд ҳужжатига асосан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Алимент тўловчи ота ўз ташаббуси билан алимент тўловларини олдиндан тўлаш имконияти борлигини ва алимент миқдорини ҳисоблаб беришларини сўраб Бюро органларига мурожаат қилди. Шундан сўнг, оила вакиллари иштирокида фарзандининг 18 ёшгача бўлган алимент миқдори ҳисоблаб берилди ва тарафлар ўзаро келишган ҳолда
31 миллион 175 минг сўм олдиндан тўлаб берилди.Худди шунингдек, туманда яшовчи яна бир қарздор ота И.Жўраев турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда 2 нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун 30 миллион сўм алимент пули олдиндан нақд тўлаб берди ва ундирувчиларнинг аризасига асосан ижро ҳужжатлари муддатидан олдин тугатилиб, қарздорларга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинди.
Алимент тўловчи оталардан бири шундай дейди: Мен фарзандимни келажаги учун оз бўлса-да ўз ҳиссамни қўйишга ҳаракат қилдим. Минг афсуски, оилам мустаҳкамлигини сақлаб қололмадим. Аммо фарзандим учун боримни беришга тайёрман ва доимо унинг ҳолидан хабар олиб тураман бу менинг оталик бурчим.
Албатта, ота бўлишликнинг ўз масъулияти бор. Афсуски, фарзандлар тарбиясига беэътибор муносабатда бўлаётган, алимент тўловларидан бўйин товлаб юрган ота-оналар ҳам оз эмас.
Шу каби алимент тўловларидан бўйин товлаб келган 3 нафар қарздор оталарга нисбатан Бюронинг туман бўлими томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар жиноят ишлари бўйича туман судида атрофлича кўриб чиқилиб, қарздорларга нисбатан
15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Юсуф Каримов,Бюронинг Музработ туман бўлими давлат ижрочиси.