ХАБАРЛАР

АҚШ Қримнинг ноқонуний босиб олинишини ҳеч қачон тан олмайди – Блинкен

Америка Қўшма Штатлари Россия томонидан Қримнинг ноқонуний аннексия қилинганини ҳеч қачон тан олмайди ва Қрим платформаси каби воситалар орқали Украинанинг босиб олинган ҳудудлар устидан назоратни қайтариб олишини қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда кеча, 23 август куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Киевда иш бошлаган Учинчи халқаро Қрим платформаси саммити иштирокчиларига мурожаатида маълум қилди.

Блинкеннинг айтишича, ўтган 18 ой давомида украиналиклар Россия босқинчилари томонидан содир этилган ваҳшийликларга қарши фавқулодда чидамлилик ва қатъият кўрсатган.

“Дунёдаги ҳукуматлар ва халқлар, шу жумладан АҚШ ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми асосидаги суверенитет, мустақиллик, ҳудудий яхлитлик каби тамойилларни ҳимоя қилиш учун Украина томонида туради”, дея таъкидлади Давлат котиби. 

Блинкеннинг қўшича қилишича, Россиянинг Украинага қарши агрессияси 2014 йилда Қримнинг аннексия қилиниши билан бошланган.

“Қрим – бу Украина. Биз Россиянинг уни аннексия қилишга ноқонуний уринишини ҳеч қачон тан олмаймиз. Халқаро ҳамжамият Қрим платформаси орқали Украинанинг бутун ҳудуди, жумладан Қрим устидан назоратини тиклашни қўллаб-қувватлашда давом этади. Биз эса бутун дунё мамлакатлари билан биргаликда БМТ Низоми асосидаги тамойилларни қўллаб-қувватлайдиган адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш йўлида ишлашда давом этамиз”, деган Блинкен.

Маълумот учун, кеча, 23 август куни Киевда Қрим платформасининг халқаро саммити ўз ишини бошлаган. Бу саммит иштирокчилар сонини кўпайтириш мақсадида гибрид форматда ўтказилаётган учинчи учрашувдир. Украина Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жапарованинг сўзларига кўра, бу йил форумда 64 давлат ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда. Бугун, 24 август куни саммит иштирокчилари Қрим ярим оролининг келажаги ва Қора денгиздаги хавфсизлик муаммосини муҳокама қилади. Бу йил форумда Қримнинг урушдан кейинги Украинага реинтеграцияси масаласи биринчи марта кўриб чиқилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan