Жорий йилнинг 14 август куни Доғистон пойтахти Махачқалъада содир бўлган кучли портлаш оқибатида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Доғистон раҳбари матбуот хизмати берган маълумотга таяниб, ТАСС агентлиги хабар берди.
Айтилишича, Доғистон раҳбари Сергей Меликов Махачқалъа чеккасида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчасидаги портлашдан сўнг йиғилиш ўтказган. У йиғилиш давомида портлаш оқибатида ҳалок бўлган хорижликлар ҳақида тўхталиб ўтган.
«Дастлабки маълумотларга кўра, Махачқалъа чеккасида содир бўлган портлаш оқибатида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Уларнинг оиласига 1 миллион рубль миқдорида ёрдам кўрсатилади», дейилади Доғистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, хабарда фожиадан бир неча кун ўтиб Доғистон жамғармалари ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш учун 100 миллион рублдан ортиқ маблағ тўплагани таъкидланган.
Бундан олдин “Маш” Telegram-канали портлаш оқибатида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган эди. Хабарда у 1990 йилда туғилган Н.Р. экани айтилган.
Ўзбекистонда ҳозирча бу ҳақда тегишли ташкилотлар томонидан маълумот берилгани йўқ.