1973 йилда суратга олинган “The Exorcist” фильми орқали жаҳон юлдузига айланган режиссёр, Оскар мукофоти совриндори Уилям Фридкин 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Euronews” нашри маълум қилди.
Америкалик режиссёр кеча, 7 август куни Лос-Анжелесда вафот этганини унинг оиласи матбуотда эълон қилди.
Уилямнинг “The Exorcist” фильми Питер Блаттининг ичига жин кириб олган 12 ёшли қиз ҳақидаги энг кўп сотилган романи асосида ишланган Голливуд блокбастери эди.
Қиз билан боғлиқ даҳшатли саҳналар ва ажойиб актёрлар фильмнинг касса сенсациясига айланишига ёрдам берган. Жумладан, қиз ролини Линда Блер, онаси ролини Эллен Берстин ва жинни қувиб чиқаришга уринаётган руҳонийлар ролини Макс Вон Сайду ва Жейсон Миллер каби маҳоратли актёрлар ижро этган. Бу ўз даври учун шунчалик қўрқинчли эдики, кўплаб томошабинлар театр тугашидан олдин қочиб кетишган, баъзилари эса бир неча кун ухлай олмай қолганини айтган.
Фильм 10 та Оскар номинациясини қўлга киритган. Улар орасида, айниқса, режиссёрлик иши, сценарий ва овоз учун берилган мукофотлар аҳамиятлидир. Аммо бу режиссёрнинг биринчи Оскари эмасди. У бундан 2 йил аввал ҳам “Француз алоқаси” фильми учун ушбу мукофотни қўлга киритган.
Фридкин ўлимигача ишлашда давом этди. Унинг актёр Кифер Сазерленд иштирокидаги янги “Кейн қўзғолони ҳарбий суди” фильмининг премьераси келаси ой Венеция кинофестивалида бўлиб ўтади.
“Уилям Фридкин билан ишлаш менинг фаолиятимдаги катта шарафлардан бири эди. Унинг рафиқаси Шерри ва оиласига ҳамдардлигимни билдираман”, деди Сазерленд.
Эслатиб ўтамиз Туркиялик рок юлдузи Эркин Корай 82 ёшида вафот этди.