ДУНЁ

Украина Ташқи ишлар вазири лавозимидан кетиши мумкин

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг позициялари шу даражада заифлашдики, ҳокимият коридорларида яна унинг истеъфога чиқиши ҳақида гапирилмоқда. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Зеркало недели”нинг Халқаро сиёсат департаменти шарҳловчиси Владимир Кравченко ёзди.

Айтилишича, сўнгги пайтларда Дмитрий Кулебанинг Президент Владимир Зеленскийга таъсири сезиларли даражада камайган. Эътиборлиси, Украинанинг йигирмага яқин элчихоналари, жумладан Бельгия, Буюк Британия ва Венгрияда бошқарувсиз қолаётганига қарамай, Зеленский вазир томонидан элчи лавозимига таклиф қилинган номзодларни ё рад этган, ёки уларни тайинлашни кечиктириб келган.

“Ташқи ишлар вазири таъсирининг пасайишига сабаб президент консилери Ермак Кулебада нафақат ташқи сиёсат йўлида, балки Зеленскийга маълумот беришда ҳам рақобатчини кўрмоқда”, дейди кузатувчи.

Ҳозирда Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари президент девони раҳбарининг соясида қолиб кетмоқда. Кравченконинг қўшимча қилишича, буни Ермак Кулебадан кўра доим Зеленскийга яқинроқ бўлган расмий учрашувлардаги видео ва фотосуратларда ҳам кўриш мумкин.

Қайд этилишича, буларнинг барчаси Кулебанинг истеъфоси ҳақидаги гап-сўзларнинг янги тўлқинига сабаб бўлган. Унинг ўрнига эса Президент офиси раҳбари ўринбосари Андрей Сибига таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, парламент Ташқи сиёсат ва парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси раҳбари Александр Мережко ҳам номзодлар қаторида бор.

“Мережконинг Ташқи ишлар вазирлигининг янги раҳбари этиб тайинланиши президентнинг дипломатик хизматга ишончсизлигини кўрсатади”, деб таъкидлайди Кравченко.

Шу билан бирга, у ТИВ раҳбарининг истеъфога чиқиши ҳақидаги гап-сўзлар Кулеба 2020 йилда лавозимга тайинланганидан бери вақти-вақти билан пайдо бўлиши ва вазирнинг Президент девони раҳбари Андрей Ермак билан муносабатлари бу даврда ёмонлашганини эслайди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan