ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Андижонда Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси одамларнинг 1,6 млрд сўмини онлайн қиморга тикиб юборди

У фуқароларни Умрага юборишни ваъда қилган. Алданган фуқаролар пулларини қайтариб олишолмади.

Хўжаобод тумани ҳокимлиги мутасадди ходими одамларни Умра зиёратига юбораман, деб 1 млрд 650 млн сўм пулларини онлайн қимор ўйинига тикиб юборди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг Markaziy studiya дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, 2019 йилдан бошлаб Умра зиёратлари учун амалга оширилган тўлов пуллари Мусулмонлар идорасининг ҳисоб рақамига эмас, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Хўжаобод тумани мансабдори шахсий ҳисобига туширилган. Тўлов чеки сафарга чиқаётганларидан берилиши ваъда қилинган 70 нафарга яқин фуқаро ҳокимият идорасида алданишини ҳаёлига ҳам келтирмаган.

“Қирғизистон орқали осон бориб келишяпти, ҳам арзонроқ. Кўряпсизми, унга ишонмай, давлат ходимига ишониб, бу ердан „отилиб қолдик“. Унинг ҳалоллигини, бировнинг ҳақидан қўрқишини билиб сайлашадими? Ўзининг ходимини билмаса, биз кўчада юрган одамлар қандай биламиз? Шунча йил ҳокимиятда туриб, бир ойда нима иш қилдинг, 15 кунда нима иш қилдинг деб назорат қиладиган топилмаганми?», – дейди жабрланганлардан бири.

Айни пайтда аввалги мутахассиснинг ўрнида ишлаётган ҳокимлик мутахассиси Жасур Мўминовнинг айтишича, фуқаро қонуний тартибда ишлаш учун рўйхатга олинганидан кейин тўловни фақатгина банкка тўлаши керак. Фуқаролар пулларни мутахассисининг қўлига олиб келиб берган.

Ҳолат юзасидан узоқ давом этган тергов якунланиб, иш судга оширилган. Бироқ суд залида жабрланувчилар айбланувчининг пулларни қайтариб бериш ҳақидаги ваъдасига ишониб, аризаларини қайтариб олишган. Шу сабабли уларга етказилган моддий зарар суд қарорида инобатга олинмаган. 27−30 нафар одам пулларидан воз кечиб юборган. Яна 17 киши пулини ололмаган.

Суд ҳукмига кўра, собиқ масъул икки йил мансабдорлик ва жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ваколатидан маҳрум бўлган ва беш йилга қамалган. Жабрланувчиларга пуллар қайтариб берилмаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan