ЎЗБЕКИСТОН

Европа Иттифоқи ва ФТА Ўзбекистонга «яшил» иқтисодиётга ўтиш учун деярли 400 миллион евро ажратади

Самарқандда юқори экологик стандартларга риоя қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, турли тармоқларда «яшил» иқтисодиёт сиёсатини жорий этишга қаратилган тегишли келишув имзоланди.

Европа Иттифоқи, Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) 17 май куни Самарқандда Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришга қаратилган Битимни имзолади, дея UzNews.uz’га Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси хабар берди.

Режалаштирилган қўшма тадбирлар Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат аҳолисининг умумий манфаати учун атроф-муҳит ва табиий ресурсларни асраб-авайлаган ҳолда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларида ёрдам беришга қаратилган.

«Европа Глобал дарвоза стратегияси ва ЕИнинг яшил сиёсати устувор йўналишларига мувофиқ, келишувнинг мақсади юқори экологик стандартларга риоя қилиш учун шароит яратиш, ҳукуматнинг турли соҳаларда яшил иқтисодиёт сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда имкониятларини ошириш ва аҳолини барқарор иш билан таъминлашдир«, – дейилади хабарда.

Team Europe (Европа жамоаси) ташаббуси доирасида Европа иттифоқи Ўзбекистонга 10,2 миллион евро миқдорида грант ёрдамини тақдим этади, бундан ташқари, яшил иқтисодиёт соҳасидаги давлат сиёсати масалаларида ФТА томонидан жами 375 миллион евро миқдорида имтиёзли кредит ажратилган (ундан 150 миллион евро ўзлаштиришга тақдим этилган).

Имзолаш маросимида Европа Комиссияси Халқаро шериклик бўйича Бош директоратининг ((DG-INTPA) бош директори ўринбосари Мириам Ферран хоним, Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари жаноб Илҳом Норқулов ва Франция тараққиёт агентлиги бош директори жаноб Реми Риу иштирок этишди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan