Ҳарбий тадбирлар

Жанубда ҳарбий қисм ташкил топган сана кенг нишонланди

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Хайраобод гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ташкил топган куни кенг нишонланди. Мудофаа вазирининг 1994 йил 13 май кунидаги директивасига асосан ташкил этилган ҳарбий қисмга 1997 йил 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар байроғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан фахрий ёрлиқ шон-шараф рамзи сифатида тантанали равишда топширилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 2019 йилда ҳарбий қисм капитал таъмирдан чиқиб, замонавий қиёфага эга бўлди. Энг олис гарнизонда жойлашганига қарамай, ҳар қандай вазиятга юқори жанговар шайлик, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларидаги ютуқлари билан миллий армиямизда ўз нуфузига эга бўлган ушбу ҳарбий қисм 29 йил давомида етук офицер ва сержантларни тарбиялайдиган масканга айланган.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда мазкур ҳарбий қисмда 20 дан ортиқ давлат мукофоти ва мудофаа вазирининг кўкрак нишонларига эга бўлган юрт ҳимоячилари, Қуролли Кучлар хизматчилари садоқат ва фидойилик намунасини кўрсатиб келмоқда.  

2019 йил ҳарбий қисм тарихида ўчмас из қолдирди. Капитал таъмирдан чиққан ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, ҳарбийлар билан яқиндан мулоқот қилди. Давлатимиз раҳбари томонидан шахсий таркибга билдирилган юксак ишонч ва эҳтиром Ватан ҳимоячиларининг руҳини янада кўтариб, ҳарбий округ ҳамда Мудофаа вазирлиги нуфузини юксалтириш йўлида муносиб ҳисса қўшишга, юртимизнинг Жанубий сарҳадларини мустаҳкам ҳимоя қилишга жанговар руҳ бағишлади.

Ўтган йиллар давомида Халқаро армия ўйинлари, нуфузли спорт мусобақаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган. Муддатли ҳарбий хизматчилар билан олиб борилаётган жанговар ҳамда маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари туфайли ўтказиладиган турли танлов ва мусобақаларда ҳарбий қисм нуфузини юксалтиришга аскарлар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келяпти.

Сурхондарё вилояти бўйлаб ўтказиладиган тантанали тадбирларда қўл жанги элементлари ва фахрий қоровул взводининг кўргазмали чиқишлари минглаб ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва улар ўртасида ҳарбий хизмат нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Шу боис, армия сафларида хизмат қилишга интилаётган вохалик ёшларнинг сони йилдан-йилга ортиб, ҳаётини ҳарбий соҳа билан чамбарчас боғлаш истагини билдираётганлар кўпаймоқда.

Ҳарбий қисм ташкил топган кун муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда иштирок этган Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари  полковник  Алишер Ширинов барча ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар ишчи-хизматчиларни ҳамда фахрий устозларни мазкур тарихий сана билан самимий қутлар экан, келгуси хизматларида улкан зафарлар қўлга киритилишига тилак билдирди.

Намунали интизоми билан сафдошларига ўрнак бўлган ва хизматига сидқидилдан ёндашган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар қўмондонлик ва ҳарбий қисм командирининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.

Байрам муносабати билан ташкил этилган концерт дастурида Хайраобод гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда Денов туман маданият уйи санъаткорлари ажойиб куй ва қўшиқлар билан иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

III  даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan