ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистондаги қатор маҳаллий авиарейслар тарифлари икки баробар арзонлаштирилади — Президент қарори

“Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди. 

Ҳужжатга кўра, Транспорт вазирлиги бир ҳафта муддатда «Самарқанд» халқаро аэропортида жорий этилган “Очиқ осмон” режими доирасида хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишларга бўлган чекловларни олиб ташлайди ҳамда “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўллайди, шунингдек, хорижий давлатларнинг авиация маъмуриятлари, чет эл авиаташувчиларини бу ҳақда белгиланган тартибда хабардор қилади.

2023 йил 1 майдан Uzbekistan Airports АЖ билан биргаликда Фарғона, Наманган ёки Андижондан Бухоро, Самарқанд, Термиз, Урганчга, шунингдек, Термиз—Нукус, Самарқанд—Урганч, Бухоро—Урганч, Фарғона—Урганч каби йўналишлар бўйича мунтазам авиарейслар йўлга қўйилади.

Шунингдек, Тошкентдан Нукус, Урганч, Бухоро, Қарши ва Самарқандга авиақатновлар йўлга қўйилиб, амалдагидан икки бараваргача арзон тарифларни жорий этилади. Янги ташкил этилган резидент авиакомпанияларга хорижий йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун квоталарнинг ажратилиши таъминланади.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 октябрга қадар Урганч ва Бухоро аэропортларининг ҳар бири бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш бўйича алоҳида танловлар эълон қилади. 2023 йил якунига қадар эса Наманган аэропортини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилинади ҳамда бошқарувга бериш бўйича лойиҳа концепцияси ва техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan