ЎЗБЕКИСТОН

Қўшилган қиймат солиғи пасайтирилди, нархларчи?

Мамлакатимизда қўшилган қиймат солиғи пасайтирилди, аммо нархлар кутилганидек тушмади.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) нинг 15 дан 12 фоизга туширилиши истеъмол товарлари нархига қандай таъсир кўрсатишини ўрганди. 

ҚҚС тўловчиси бўлгани ва асосан расмий иш юритувчи ҳисоблангани сабабли таҳлил учун миллий супермаркетлардаги нархлар асос қилиб олинди. Жумладан, 97 турдаги 3 минг 754 та истеъмол товари бўйича тўрт ойлик статистик маълумотлар «data-scraping» йўли билан юклаб олинди. Ҳар бир товар тури бўйича декабрь ва январь ойларида нархлар ўртасидаги ўзгариш (treatment group) ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгариши (control group) билан солиштирилди. 

Натижалар шуни кўрсатадики, ҚҚС 15 дан 12 фоизга туширилиши нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келмаган. Жумладан, декабрь-январь ойларида нархлардаги ўзгариш ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгаришига нисбатан 0,3 фоиз пунктига кўп бўлган. Бу дегани бошқа барча омилларнинг таъсир кучи тўхтатиб турилган тақдирда ҳам 2,6 фоизга тушиши керак бўлган нархлар 0,3 фоизга ошган. 

Хусусан, 46 та гуруҳ бўйича 1 минг 115 та товар нархи ўзгармаган (болалар озуқаси, музқаймоқ, макарон, тана парвариши маҳсулотлари ва бошқалар). 20 та гуруҳ бўйича 1 минг 306 та товар нархи 1 фоизгача ошган (шоколад, ширинлик, гигиена маҳсулотлари ва б.). 12 та гуруҳ бўйича 585 та товар нархи 1-5 фоизга ошган (кир ювиш кукунлари, мева, гўшт маҳсулотлари, сут ва б.). 7 та гуруҳ бўйича 567 та товар нархи (1,6 фоизгача) пасайган (канцелярия товарлари, соуслар, қаҳва ва б.). 

Аввалроқ институт экспертлари «Input-output» модели асосида иқтисодиётнинг 78 та тармоғи учун ҚҚС ставкасининг 3 фоиз пунктига пасайтирилиши, харажатларнинг камайишига ва бунинг ҳисобига иқтисодиётнинг реал секторида нархларнинг 0,8 фоиз пунктига пасайишига олиб келишини аниқлаган эди. Аммо, амалиётда эса ҳозирча тадбиркорлар солиқ бўйича олган енгилликни истеъмолчига ўтказиш бўйича қарор қабул қилмаяпти. 

ҚҚСнинг туширилиши нархлар даражасига таъсир этмаганлигининг асосий сабаблари қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

– Истеъмол товарлари бозорида хуфёна иқтисодиёт улушининг катталиги ва солиқлардаги пасайишлар расмий ишлаётган фирмаларнинг нисбатан кичик миқдордаги фойда маржаси ошишига йўналтирилиши;

– Бозорларда тегишли равишда рақобат муҳитининг шаклланиб улгурмагани;

– Нархларга таъсир этувчи бошқа асосий омиллар (доллар курси, қайта молиялаш ставкаси, пул массаси ва б.) таъсир кучининг ошиб бориши.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan