Таҳририятимизга спортчи ёшларимизнинг ота-оналари мурожаат йўллашибди, уни таҳрирсиз чоп этишни лозим топдик. Унда шундай дейилади:
«Ассалому-алайкум ҳурматли “DIYOR 24” сайти ижодий ходимлари. Ушбу мурожаатмизни ижтимоий тармоғингиз орқали чоп этиб, бизни қийнаб келаётган муаммоларни кенг жамоатчиликка етказишингизни илтимос қиламиз. Зеро,бу ёзишга жазм этганимиз нафақат бизнинг оғриқли нуқтамиз, балким, биз каби фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, спортда юрт шаънини ҳимоя қилишга ўзининг беминнат хизматини қўшаётган куплаб воҳадошларимиз дарди десак янглишмаган бўламиз.
Гап шундаки, ўғлимиз Асилбек Чутпулатов 2009 йилда туғилган. Мана бир неча йилдирки, спортнинг “Усманов комбат систем” спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Ушбу спорт тўгараги Термиз шаҳридаги “Алпомиш” спорт стадионида фаолият юритар эди, аммо баъзи сабабларга кўра ушбу тўгаракни у ердан чиқариб юборишган. Бугунги кунда сарсон бўлган ёш спортчилар мураббийлари Наврўз Жўраев билан биргаликда Термиз шаҳридаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабида фаолиятларини давом эттириб келишаяпти.

Ўғлимиз Асилбек Чутпулатов ўз танлаган спорт йўналиши бўйича ўзининг тенгдошлари орасида анчагина муваффақиятларга эришган, десак муболаға бўлмайди. Масалан, 20.05.2021 йилда Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақаларида фахрли 1 – ўринни, 2022 йилда Ангор туманида бўлиб ўтган саралаш босқичларда 1-ўринни, Қизириқ туманида Ўзбекистон кубоги учун бўлиб ўтган мусобақада ҳам фахрли 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, кўп маротаба хоким кубоги учун ўтказилган мусобақаларда ҳам 52-55кг вазн тоифасида 1-ўрин соҳиби бўлган. Энг муҳими у 2022 йил 23-26 июл кунлари Қирғизистон Республикасининг Иссиқ кўл шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиб, мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, фахрли 1-ўринни эгаллаб ёруғ юз билан қайтди. Аммо, вилоятимизда ёш чемпионларни кутиб олиш жарёнини уюштириш нари турсин, ҳаттоки ташуккурнома ҳам билдирилмади.
Ачинарлиси, фарзандимизнинг ушбу жахон чемпионатига бориб – келиши учун ўз ҳисобимиздан 450 АҚШ доллари тўладик. Чемпионатга жўнатиш хатида барча харажатлар вилоят спорт бошқармаси томонидан қопланиб берилиши аниқ ва тиниқ кўрсатиб берилган эди. Аммо, ҳали- ҳануз ушбу маблағ қоплаб берилмади.
Биз боламизнинг яхши натижага эришганлигини, биз томонимиздан харажат қилинган суммани тўлаб беришларини илтимос қилиб бошқарма бошлиғи А. Арабовга, Термиз шаҳар ҳокими ўринбосари К.Ашуровга, спорт мактаби директори муовини З. Турдиевага мурожаат қилдик. Мурожаатларимиз қаноатлантирилмади, нима эмиш болалар ушбу мусобақага ўзбошимчалик билан чиқиб кетган эмиш. Улар “биз ҳеч қандай харажатларни тўламаймиз”, – деб туриб олишган.

Соҳадаги ноҳақликларга чидолмай, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаат қилдик. Термиз шаҳар “Мажнунтол” маҳалласи ходимлари текширувчилар келишганда бизларни суҳбатга чақирмай, ушбу ишни ёпиб юборишган. Энг ёмони маҳалла ёшлар етакчиси бу масалага бефарқ бўлиб панжа ортидан қараяпти.

Яна бир масала, яқинда Ангор туманида Ўзбекистон Чемпионати саралаш мусобақаларида ҳам ўғлим Асилбек Чутпулатов ва унинг Ферузбек деган спортчи чемпион ўртоғини ҳам рўйхатдан олиб ташлашган. Сабаби биз Қирғистон Республикасига қилган сафар харажатларини сўраганимизми? Тушунмай қолдик, жаҳон чемпионатида юқори чўққига кўтарилган ўғлимизни нега оёқ ости қилиб, руҳий зарба беришаяпти. Ким уларга бундай ҳуқуқни берди? Боламизнинг шунча йиллик меҳнатлари зое кетадими? Ёки Ватанимизга бошқа чемпионлар керак эмасми?! Бу тўғридан – тўғри ёш спортчини таҳқирлаш, камситиш, меҳнатларини, инсон шаънини топташ эмасми?! Узун қулоқ гапларга қараганда эмишки, “ота-онаси ёзувчи”… Ҳаққимизни талаб қилсак ёзувчига айланамизми….
Мамлакатимиз раҳбарининг 5та Муҳим ташаббусида илгари сурилган болалар спортини ривожлантириш ғоясини хаётга тадбиқ қилиш ўрнига ёш истеъдодли спортчиларни тўғридан–тўғри “бўғишга” хеч бир раҳбар ходимнинг ҳаққи йўқ-ку?!. Бу давлатга хиёнат қилиш билан баробар эмасми? Ёки “Усмонов комбат систем” ўгай спорт турими?
Албатта, ҳар бир халқаро спорт мусобақалари давлатимиз томонидан молиялаштирилади, хеч ким таваккал ушбу мусобақаларга иштирок этолмайди. “Ўзбошимчалик билан турнирга қатнашган” деган баҳоналар тўқиган мутассадилар ижтимоий тармоқ орқали фикрларини исботлаб беришларини талаб қиламиз.
Хурматли “DIYOR24.UZ” сайти ижодкорлари! Сизлардан илтимос қилиб сўраймизки, ушбу мурожаатимизни ўрганиб, бизга харажатларимизни қоплаб беришга ва нега ўғлимиз Асилбек Чутпулатовни Ўзбекистон Чемпионати саралаш мусобақаларидан ҳам рўйхатдан олиб ташлашганлиги масаласига ойдинлик киритиб берсангиз.»
Ушбу мурожаат юзасидан Сурхондарё вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармасидан ҳам жўяли, юқорида келтирилган мавзу бўйича аниқ изоҳ берилган расмий муносабат кутамиз.