ДУНЁ

Украинадаги вазият туфайли 20 миллион киши қашшоқликка дучор бўлиши мумкин — БМТ

Украинада давом этаётган можаро туфайли 20 миллионга яқин одам ўта қашшоқликка тушиб қолиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг “2022 йилга мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари тўғрисида”ги ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботга кўра, 2022 йилда дунё бўйлаб кунига 1,9 доллардан кам даромад келтирадиган камбағаллар сони 656,7 миллионни ташкил этади. Бироқ, «озиқ-овқат нархининг ошиши ва Россия ҳарбийларининг Украинадаги амалиётининг оқибатлари» бу рақамни 676,5 миллионга етказиши мумкин.

Ташкилот бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, Россия-Украина можароси нафақат ёқилғи ва ўғит нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди, балки “таъминот занжири ва жаҳон савдосини издан чиқарди ҳамда молиявий бозорларда муаммоларни келтириб чиқарди”.

Май ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури мутахассислари Украина фуқаролари орасида қашшоқликнинг юқори даражасини башорат қилишди: аҳолининг 90 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастга тушиши мумкин. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, узоқ давом этган можаро ҳар ўн украиналикдан тўққизтасини қашшоқликка яқинлаштиради. Бу қарийб йигирма йиллик ривожланиш ютуқларини хавф остига қўяди. «Чуқур ижтимоий ва иқтисодий излар авлодлар учун сақланиб қолади», деб огоҳлантирди ташкилот.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan