САЛОМАТЛИК

Биринчи тиббий ёрдамда йўл қўйиладиган 10 та хатолик

Тери куйганда дарров ғоз мойини қидиришга тушсангиз, хато қиласиз. Мойни куйган жойга суртишингиз заҳоти у ерда парда ҳосил бўлиб, ҳаво кирмайди, оқибатда яра битиши қийин бўлиб, анча вақтгача оғритади ҳам.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК: Энг яхшиси, куйган жойни совутиш керак. Агар кичик жой куйган бўлса, совуқ сувга тутинг. Халқона чоралардан энг самаралиси – хўжалик совунидан суртиш. Совун бу ишқор, куйиш эса кимёвий таъсир. Ишқор доим кислотали таъсирни босади, қарабсизки, куйган жойда пуфак ҳам ҳосил бўлмайди, ачишмайди ҳам. Бу айтганларимиз кунда юз берадиган куйишларга тегишли. Аммо жароҳат анча чуқур ва оғриқли бўлса, уни совуқ сувда ювиб, устига стерил мато ( пахта эмас) қўйиб, тезроқ шифохонага бориш керак.

ЙОД ВА БРИЛЛИАНТ ЯШИЛИ ҚАНИ?!

Йиқилиш натижасида қўл ёки тиззада катта, очиқ яра пайдо бўлса дарров йод ёки бриллиант яшили билан ишлов беришга шошилманг. Бу шикастланган терини янада куйдириб, кейинчалик чандиқ қолдириши мумкин.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК: Ярани микроблардан тозалаш учун водород пероксиди ёки бошқа бир антисептик воситани жароҳат четига суртиб, устидан стерил бинтда боғланг. Майда кесилиш ва яралар учун йод ва бриллиант яшилидан бемалол фойдаланиш мумкин.

ТИТРОҚ БОСДИМИ, ЎРАНИШДАН НАФ ЙЎҚ!

Иситма чиққанда одам қалтирай бошлайди. Бундай пайтда иссиқ ўрангандан фойда йўқ. Ахир ҳароратни тушириш лозим.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК: Пешанага совуқ сувда хўлланган докани қўйиб, шифокор кўрсатмасига кўра, иситма туширувчи дори ичинг.

ТИҚИЛИБ ҚОЛДИНГИЗМИ, АТТАНГ

Овқат пайтида тиқилиб қолган одамни елкасига аямай қоқамиз. Шу билан шўрликка ёрдам берган бўлсак, қанийди. Нафас йўлларига ёт жисм кириб қолганида уни йўтал орқали чиқармоқчи бўламиз. Бу табиий усул. Бундай пайтда елкасига қоқсангиз, ёт жисм янада ичкари кириб, нафас йўлларини буткул ёпиб қўйиши ҳам мумкин.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК: Олдинга эгилиб, чуқур, секин нафас олиб-чиқариш керак. Борди-ю, одам нафас олишга қийналса, уни олдинга эгилтириб, кафт қирраси елкадан бўйинга ҳаракатлантирилади.

БУРУН БИТСА ИССИҚ ҚЎЙМАНГ

Бурун битса, нималар қилмаймиз. Қопчага қиздирилган қум, туз, пишган тухум солиб икки қош орасига қўямиз. Ҳатто, бу ҳолат ёқиб, анча енгиллаб қоламиз. Аслида, бу одам учун хавфли. Тумов кучли бўлса, бурундаги томирлар кенгаяди. Иссиқлик шишни янада купайтиради, натижада шилимшиқ чиқиб кетиш ўрнига бурунда йиғилаверади. Вақтида чора кўрмасангиз, яллиғланиш мияга етиб бориши мумкин.
НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Бундай пайтда томирларни қисқартириш керак. Томчи дорилар айнан шу вазифани бажаради, қарабсизки, тумовдан асар ҳам йўқ.

ЖАРОҲАТ ИССИҚНИ ЁҚТИРМАЙДИ

Пай чўзилиши, урилиш, бўғим чиқишида танада доим шиш пайдо бўлади. Бундай пайтда шикаст етган жойга иссиқ нарса қўйманг. Оғриқ баттар кучайиб, шиш катталашиши мумкин.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК: Ҳаракатни чеклаш, оғриган жойга муз қўйиб, тезроқ травматология бўлимига бориш керак.

БУРУНДАН ҚОН ОҚСА, «ЮЛДУЗ САНАМАНГ»

Бурун қонаган пайтда бошни орқага ташлаб ўтиришни тавсия қиламиз. Лекин бу мутлақо нотўғри. Қон ҳалқум, ошқозонга бориб сизни беҳузур қилиши мумкин.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Букчаймасдан тик ўтириб, бошни бироз олдинга энгаштиринг. Водород пероксиди эритмасида пахтани намлаб, бурун ичига жойланг. Икки қош ўртасига эса муз қўйилади.