Қизириқ туманида саноат, хизмат кўрсатиш соҳалари қатори қишлоқ хўжалиги ҳам яхши ривожланган. Катта кенгликлар бўйлаб ёйилган лалми, суғориладиган ерларда пишиб етиладиган мева-сабзавотларга ички ва ташқи бозорларда доим талаб юқори. Туман аҳолиси деҳқончилик, боғдорчиликнинг ҳадисини олган.
Шунданми, уларнинг аксарияти турли соҳаларда фаолият юритса-да, бўш қолди дегунча томорқасида экин-текин ишлари билан банд бўлади. Қўшимча даромад манбаи сифатида ижарага ер олиб, деҳқончилик билан шуғулланади.

Сафаримиз Қизириқ туманининг “Боғистон” маҳалласидан бошланди. Бизга Ёшлар ишлари агентлиги Қизириқ тумани бўлим бошлиғи Хусниддин Жовлиев ҳамроҳлик қилди.
Сўнгги йилларда деҳқончилик билан шуғулланувчилар орасида ёшлар сони ҳам ортиб боряпти. Авваллари ота-онасининг ёрдамида ёки ўзи фермердан ижарага ер олиб деҳқончилик қилган йигит-қизлар Президентимиз топшириғи асосида жорий йилдан бошлаб 10 йил муддатга беғараз ажратилаётган ер майдонларида меҳнат қилиш имкониятига эга бўлди.

Рустам Мустафоев “Боғистон”лик ёшлар етакчиси. Маҳаллада ёшларнинг бекор юрмаслиги, оилавий даромадни ошириш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида фаолият юритади. Тўғри, ер билан тиллашишни ҳар ким ҳам уддалайвермайди. Шунинг учун ёшларни берилаётган имкониятлардан фойдаланиш, ер олиб, деҳқончилик қилишга қизиқтириш учун тарғибот ишлари ҳам зарур.

-Маҳалламизда 16-30 ёшгача бўлган 830 нафар ёшлар бор. Уйма-уй юриб хатлов қилиб чиққан жараёнда табақага ажратдик. Бунда ким деҳқончилик, ким табдиркорлик билан шуғулланиши-ю, кимнинг шароити оғирлиги, кимга моддий ёрдам ажратиш кераклигини белгилаб олдик. Натижада “Ёшлар дафтари” шакллантирилиб, унда рўйхатда турувчи ёшларнинг даромад манбаи, тадбиркорлик ва деҳқончиликка қизиқишини ўрганиб чиқдик. Шундан келиб чиқиб, маҳалламиздаги 28 нафар ёшларимизга мана шу ҳудуддан ҳар бирига 25 сотих ер майдонини 10 йил муддатга бепул ажратилди. Улар ўзи учун ажратилган ер майдонида деҳқончилик билан шуғулланишмоқда. Ерга ишлов бериб, сабзавот ва полиз экинлари уруғларини қадашди. Мана кўриб турганингиздек, натижа ёмон эмас. Экинларнинг ҳосилга киргунига қадар 4-5 млн. сўм атрофида маблағ сарфлашган бўлса, ҳозир уларнинг ҳар бири 20 млн. сўмдан соф фойдага кирди. Ҳали бу бошланиши, ҳозир улар ҳосилнинг учинчи мавсумини йиғиш жараёнида, қовунларни тўлиқ йиғиштириб олгандан сўнг эса табиийки ёшларнинг даромади янада ошади, -дейди биз билан суҳбатда Рустам Мустафоев.

Талабгорлар рўйхатидан “Ёшлар дафтари”га киритилган, деҳқончилик қилиш истагини билдирган, ерга эҳтиёжи бор йигит-қизлар ўрин олган. Уларга сув таъминоти яхши, унумдорлиги юқори ва талабгорнинг яшаш хонадонига яқин бўлган суғориладиган ерлар ажратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тўйчи Абдураимов ҳам ўзига ажратилган 25 сотих ер майдонидан унумли фойдаланаётган ёшларимиздан. У дастлаб майдонга ишлов бериб, Форишнинг машҳур қовун навларини экди.

-Қовун етиштиришнинг ўзига яраша машаққати бор. Уруғ экилиб, вақти билан сувланади, бегона ўт-ўланлардан тозалаймиз, – дейди Тўйчи Абдураимов.
-Деҳқончилик билан биринчи йил шуғулланаётган бўлсамда, аввал қовун етиштириш сир-асрорларини ўргандим ва шу аснода ерга уруғ қададим. “Излаган имкон топар” деганларидек, ҳосилимиз яхши бўлди.

Авваллари Россия давлатида пул топиш учун муҳожирликни бошидан кечирган Тўйчи ҳозирда ер майдонида деҳқончилик билан шуғулланмоқда. Чет давлатда ишлаб топган пулни эндиликда ўз юртида, ҳалол меҳнат орқали даромад топаётганидан манмун.

– Қизириқда етиштирилган мева-сабзавотлар, полиз экинлари азалдан машҳур. Ҳозиргача ҳам қўшни вилоятлардан атайин келиб маҳсулотларимиздан олиб кетишади, – дейди Тўйчи Абдураимов.
– Мана, қовун-тарвузлар ҳосилга кириб қолди. Бугун учинчи марта узиб қовунларни топширмоқдамиз. Даромад ҳам чакки эмас, ҳозиргача 20 млн. сўм соф даромад олган бўлсам, мавсум давомида бу кўрсатгич 40 млн. сўмдан юқори бўлишига ишонаман.

Болалигидан меҳнатда тобланган Тўйчи ёшларга беғараз ер ажратилаётганидан мамнунлигини яширмади. Барча ишни ўзи қилгани, қовун етиштириш учун маслакдошлари кўмагида иш олиб боргани боис, унга қўшимча маблағ керак бўлмади. Ерни олгани ҳамон ғайрат билан ишга киришиб кетди. Июль ойида пишиб етиладиган қовун ҳосилидан яхшигина даромад олмоқда. Келгусида олий ўқув юртида таҳсил олиб, ўзи танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлишни мақсад қилган.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида «Нигоҳ» лойиҳаси доирасида тайёрланди.