ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Сурхондарёда 14 нафар жиҳодчи қамалди

Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари 14 нафар жиҳодчини қўлга олди.

Маълум қилинишича, айрим шахслар ижтимоий тармоқларда ўз профили орқали жиҳодга даъват этувчи, мавжуд тузумни ўзгартириш йўлида курашишга чорловчи чақириқлар акс этган аудио ва видео материалларни тарқатган.

Профиллар орқали “Биродарлар” (жиҳодда юрган муҳожирлар назарда тутилган)га ёрдам бериш, қурол-яроғ олишига кўмаклашишга даъват этилган. Овозли хабарларда йиғилган пуллар келажакда Абу Салоҳ, Содиқ Самарқандий кабилар чиқиши учун хизмат қилиши ҳақидаги фикрлар баён этилган.

Ушбу аудио ва видео материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди ҳукмига кўра, 13 нафар фуқаро 4 йилу 8 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Бир нафар аёл кишига 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan