ДУНЁ

АҚШ Украинага 450 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилди

Украина мудофаа вазири Алексей Резников 23-июн, пайшанба куни Украинага АҚШ томонидан тақдим этилган ҲИМАРС баравар ўт очиш реактив тизимлари етиб келганини маълум қилди, деб ёзади “Интерфакс”.
“ҲИМАРС Украинага келди”, — деб ёзди Резников Тwиттеръда.
Шунингдек, АҚШ Украинага 450 миллион долларлик қўшимча ҳарбий ёрдам пакетини ажратиши маълум бўлди. Бу ҳақда Оқ уйдаги брифингда Пентагон вакили Жон Кирби маълум қилди.
Янги пакетга баравар ўт очиш ракета тизимлари, патрул катерлари, артиллерия ўқ-дорилари киради.
Кирби қайд этишича, уруш бошланганидан бери Украинага тақдим этилган ёрдамнинг умумий қиймати 6,1 миллиард долларни ташкил қилган. Американинг жорий маъмурияти ҳокимият тепасига келганидан буён эса Украинага жами 6,8 миллиард доллар ажратилган.
Апрел ойида АҚШ Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин биринчи марта ленд-лиз дастурини ишга туширган, у ижара ёки давомий бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари билан Украинага қурол-яроғ тақдим этиш имкониятини беради.
Июн бошида АҚШ президенти Жо Байден Украинага у бир неча ҳафталардан буён сўраб келаётган ҲИМАРС баравар ўт очиш реактив тизимларини етказиб бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. АҚШ Украина улардан Россия ҳудудига зарбалар беришда фойдаланмасликка ваъда берганини маълум қилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan