ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

ДХХ: Наркосавдогарларга суд ҳукми ўқилди

1984 йил Самарқанд шаҳрида туғилган фуқаро М.Б. муқаддам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланиб, маълум бир муддат озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаганидан кейин, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган вақтида, яна шундай жиноятга қўл урди.
У 2021 йилнинг сентябрь ойида Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Панжикент шаҳрида яшовчи шахс томонидан Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойга яшириб кетилган 9 кг. 751. гр. «опий» гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
Аниқланишича, тожикистонлик наркосавдогар ушбу ажал оғусини кейинроқ керакли манзилга етказиб бериши учун самарқандлик наркокуръерга 10 минг АҚШ доллари бериши лозим бўлган.
Суд ҳукмига кўра қонунбузарга нисбатан 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
2021 йилнинг сентябрь ойида қайд этилган бошқа ҳолатда эса ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси ҳамда ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Киа-Бонго” русумли автомашина Самарқанд вилоятининг “Юқори нуқта” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, унда кетаётган Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. Ҳ.З. ва 1991 й.т. М.Х.ларга тегишли 5 кг. 953 гр. “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Маълум бўлишича, улар Тожикистондан контрабанда йўли билан ўтказилган ушбу ажал оғусини “Ўрикзор” бозори ёнида номаълум шахслардан қабул қилиб олиб, келгусида уни сотиш орқали мўмай даромад топишни мақсад қилишган. Гиёҳвандлик воситаси учун улар тожикистонлик наркосавдогарга 36 минг АҚШ доллари беришган.
Суд ҳукмига кўра қонунбузарлар Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan