Коррупциявий жиноятлар орасидаги энг оғир ва ижтимоий хавфлиси – пора олишдир. Ушбу жиноят коррупцияга қарши курашиш кучайганидан кейин камайдими ёки..?
Таҳлилларга кўра, 2019 йилда 177, 2020 йилда 161, 2021 йилда эса 91 пора олиш жинояти содир этилган. Пора олиш жинояти охирги уч йилда деярли 50 фоизга камайган.
Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 17 пора олиш жинояти содир этилган бўлиб, бу ўтган 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қирқта кам.
Бу рақамларни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби Дурдона Очилова маълум қилди .
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги пора олиш билан боғлиқ жиноятларни таҳлилдан ўтказганда, 2020 йилда 118 оғир, 13 ўта оғир даражадаги пора олиш жинояти содир этилган. 2021 йилда эса 62 оғир, 6 ўта оғир даражадаги пора олиш жиноятлари учраган.
Кўриниб турибдики, 2021 йилда оғир даражадаги пора олиш жинояти 56, ўта оғир даражадаги пора олиш жинояти 7 тага камайган.
Пора олиш билан боғлиқ жиноятлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Республика бўйича 91 пора олиш жинояти содир этилган бўлиб, 91 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Туман-шаҳар миқёсидаги мансабдор шахслар томонидан содир этилган пора олиш жиноятлари умумий пора олиш жиноятларининг 89 фоизни ташкил қилган.
2021 йилда Республика миқёсидаги давлат ташкилотларида ишловчи мансабдор шахслар томонидан пора олиш жиноятлари содир этилгани аниқланмаган.
Бу «Коррупциясиз соҳа», «Коррупциясиз ҳудуд» каби лойиҳалар амалга оширилаётгани, барча давлат органлари ва ташкилотларида Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилаётгани натижасидир.
Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, пора олиш жиноятидан 20 таси ички ишлар (8 таси йўл ҳаракати хавфсизлиги), 12 таси мактабгача таълим, 10 таси ҳокимлик, 6 таси ҳарбий, 6 таси қишлоқ хўжалиги, 4 таси халқ таълими, 4 таси қурилиш, 3 таси коммунал хизмат (электр, газ, сув) ва 26 таси бошқа соҳалар ҳисобига тўғри келган.
Пора олиш жиноятларидан 26 таси ёки 28,5 фоизи бевосита суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ходимлари томонидан содир этилган. Бу умумий пора олиш жиноятининг деярли учдан бир қисмини ташкил этади.
Пора олиш жиноятларининг 38 таси тамаъгирлик, 19 таси такроран, 4 таси кўп миқдорда, 4 таси жуда кўп миқдорда, 2 таси бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириш билан боғлиқ бўлса, 2 таси уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган.
Пора олиш жиноятлари бўйича 2,3 млн. АҚШ доллари ва 113,7 млн. сўм пора олинган бўлиб, 62 та ҳолатда АҚШ долларида, 29 та ҳолатда сўмда олинган.
Энг кўп пора миқдори 2 миллион АҚШ долларини, энг кам пора миқдори 50 АҚШ долларини ташкил этган.
Cодир этилган пора олиш жиноятларининг 75 таси тезкор тадбир, 16 таси терговга қадар текшириш давомида фош этилган. Пора предмети бўлган пуллар беш ҳолатда воситачилар ва 86 ҳолатда тўғридан-тўғри мансабдор шахслар томонидан олинган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни мана шундай таҳлиллар орқали аниқлаш ва уларни бартараф этиш, коррупцияга қарши қатъий курашишни давом эттиради.