ЖАМИЯТ

Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби

            Жорий йилнинг 9июнькуни Ангор тумани“Юқори Хўжақия” маҳалласида жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг раиси С.Бўтаевнинг ташаббуси билан, маҳаллаларда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, шу жумладан хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда турли салбий иллатларга қарши курашиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишгабағишланган семинар ўтказилди. 

Тадбирда жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси С.Бўтаев, туман прокуратураси масъул ходимлари ҳамда фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда сўз олган туман суди раиси С.Бўтаев, ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳавфли жиноий ҳодисалардан биридир.

Маълумки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. Умуман олганда, коррупция ҳодисасига сўзнинг кенг маъносида ёндашадиган бўлсак, бу шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолатидир. Шундай экан, ўйлаймизки, мазкур иллатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.

Ҳозирда коррупция тушунчасини ёритишда бир қанча таърифлар мавжуд. БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида коррупцияга энг қисқа, лекин кенг қамровли таъриф қуйидагича берилган: “Коррупция – бу шахсий наф кўриш мақсадида давлат ҳокимиятини суистеъмол қилишдир”.

“Жиноятнинг ёпиқ ва энг қабиҳ тури бор. Бу коррупция ва порахўрлик, жиноятнинг бу тури бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор асосларини ҳам барбод этиши мумкин. Коррупция, энг аввало, уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланишидир” деб бежиз таъриф берилмаган.

Бугунги кунга келиб республикамизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланди.Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида Сурхондарё вилоят суди томонидан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин.

Демак, биз коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларини бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлишини англаган ҳолда ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади.

Шунингдек, давра суҳбатида аҳоли ўртасида, айниқса, хотин-қизлар ҳаётида учраб турган салбий оқибатларни олдини олиш борасида қилиниши лозим бўлган ишлар, айнан хотин-қизлар ўртасидаги жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар, ёлғиз она, оталикни белгилаш, никоҳдан эрта ажралишлар, нотинч оилалар ҳамда ўз жонига касд қилиш каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида кенг қамровли тушинтириш ишлари амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Тадбир сўнгида хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида олиб бораётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш шунингдек, хотин-қизлар орасида жиноятларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга оширишга келишиб олинди.

Эркин суҳбат асносида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича керакли маълумот олдилар.

Суюн Бўтаев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг раиси                                                                                                                   

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan