ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

ДХХ «Фарҳод деҳқон бозори» директори, унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ва «Халқ банки» кассирини қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари «Фарҳод деҳқон бозори» директори, унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ва «Халқ банки» кассирини қўлга олди.

Таъкидланишича, улар «Элга хизмат» ва «Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари» савдо нуқталаридан маҳаллий тадбиркорни қўрқитиб, 2021 йилнинг октябрь ойи охирларидан 2022 йилнинг февраль ойига қадар ундан ҳар куни 66 минг сўмдан пул маблағи олиб келган. Шунингдек, тадбиркордан 3 миллион 400 минг сўм тўлов қилишини талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбирда «Халқ банки»нинг Учтепа туман филиали «Фарҳод деҳқон бозори»га хизмат кўрсатувчи кассири ўз хизмат хонасида сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, унинг ёнида кунлик тушумдан инкассация қилинган 8 миллион 300 минг сўм ва инкассация қилинмаган 9 миллион 150 минг сўм пул маблағлари борлиги аниқланган.

Тадбир давомида «Фарҳод деҳқон бозори» АЖ директори ҳамда унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ҳам ушланиб, директор ўринбосарининг автомашинасида бўлган 24 миллион 967 минг сўм пул маблағи ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинган.

Аввалроқ ДХХ Сирдарёда «электросеть»нинг 2 ходимини пора билан қўлга олганди. Шунингдек, ДХХ Самарқандда давлат хизматлари агентлиги ходимини пора билан ушлаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan