ИЛМ-ФАН

Финляндия билан таълим соҳасида ҳамкорлик янада кучайтирилади

Финляндия Ташқи ишлар вазирлигининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё департаменти бош директори Мария Лиивала бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Мазкур ташриф доирасида жорий йилнинг 28 май куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари ҳамда Финляндия ташқи ишлар вазирлигининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё билан ҳамкорлик департаменти бошлиғи Мария Лиивала, департамент маслаҳатчиси Ансси Леино, Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё билан ҳамкорлик департаменти бўлим бошлиғи Сирпа Оксанен, Ривожланиш сиёсати гуруҳи раҳбари Матти Ваананен, Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси Илкка Ряйсянен, Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси ёрдамчиси Хайни Лаукканен, Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраевлар иштирок этишди.

Учрашув кун тартибидан Финляндия билан таълим йўналишидаги амалга оширилаётган ҳамкорликлар, хусусан, олий таълим муассасаларида педагогларни тайёрлаш, ўқув дастурлари, дарсликларни такомиллаштириш, бу жараёнларга тажрибали экспертларни жалб қилиш, профессионал таълимни ривожлантириш, шунингдек, Самарқанд давлат университети қошида Ўзбек-фин педагогика институти ва Қўқон университети билан амалга оширилаётган лойиҳалар истиқболларига доир қатор масалалар ўрин олди.

Муҳокамалар аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи хорижлик ҳамкорларга ташриф учун миннатдорчилик билдирар экан, мазкур ташриф мамлакатлар ўртасидаги алоқаларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилишини таъкидлади.

«2020 йил октябрь ойида Президентимиз кўрсатмаларига биноан Финляндия таълим тажрибасини ўрганиш бошланган бўлса, ҳамкорлигимиз қисқа фурсатлар ичида яхши самара бера бошлади.

Финляндия умумий ўрта (таянч) маълумот олиш учун давлат мажбурий таълим дастури ўзбек тилига таржима қилиниб, изчиллик билан ўрганилмоқда. Фин экспертлари иштирокида Ўзбекистонлик таълим соҳаси вакиллари учун доимий тарзда онлайн семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Ҳамкорликнинг илк натижалари пандемия сабабли онлайн учрашувлар ҳамда кенг кўламли ўқув семинарларидан бошланган бўлиб, унда Финляндия таълим ва маданият вазирлиги томонидан 10 дан ортиқ онлайн семинарлар ўтказилмоқда. Натижада, 1 000 нафардан ортиқ таълим соҳаси мутахассислари ва педагогларнинг малакаси оширилди.

Математикани ўқитиш бўйича фин методикаси Skillgrower дастури ёрдамида республикадаги барча ўқувчилар фойдаланиши йўлга қўйилди ва ўқувчиларимизнинг математик саводхонлиги яхшиланишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Жумладан, Қўқон университети ва Карелия университети ўртасида, Навоий ва Лаппенранта шаҳарлари мактаблари ўртасида академик мобиллик натижасида 5 нафар талаба, 8 нафар ўқувчи Финляндияда таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.

Хусусан, ўқитувчиларни касбий маҳоратини ошириш бўйича тренинглар давом этмоқда. 15-19 май кунлари финляндиялик тажрибали тренерлар томонидан Навоий вилоятидаги 50 нафар ўқитувчи малакаси оширилди. Ушбу тренерлар томонидан ўқитувчилар тайёргарлик ҳолатига ташхис қўйилди ва ўқитувчилар маҳоратини ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Таълим инспекцияси ва Финляндия миллий таълим агентлиги ўртасида таълим тизимини такомиллаштириш, педагогларни тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни назарда тутувчи Англашув меморандуми имзоланди.  

«Таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз 2 йил аввал мен ҳали элчи бўлиб ишлаб юрган пайтимда бошланган бўлса, тўғриси бундай самарали бўлишини кутмаган эдим. Ўйлайманки, келгусидаги ҳамкорликда ҳам шу руҳда давом эттира оламиз.

Финляндия ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган таълим соҳаси бўйича ҳамкорлик лойиҳамиз орқали бугунги учрашувда муҳокама қилинган, ўқитувчиларни малакасини ошириш, ўқув дастурлари ва дарсликларни такомиллаштириш ва бошқа режаларни амалга оширамиз деб ўйлайман», деди Мария Лиивала.

Якунда томонлар белгиланган режа бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олишди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan