ЎЗБЕКИСТОН

Амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар

Президент Ш.Мирзиёев томонидан 2022 йил 2 февралдаги “Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-749-сон Қонун имзоланди.

Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил                                                  24 сентябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 19 ноябрда маъқулланган.

1994 йил 6 майдаги «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги 1062-ХII-сон Қонун “Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби” бўлими билан тўлдирилди.

Хусусан, саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик асослари белгиланди:

Тегишли патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулотни ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш, шунингдек ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўллаш ёхуд ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулда бевосита тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жарималар миқдорлари  ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади.

Патент эгасининг аризаси асосида Агентлик саноат мулки объектларидан фойдаланиш ҳуқуқига риоя этилишини текширишни амалга оширади.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўтказиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти  ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг  ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини  ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишувга кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жарималар ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда ўтказиладиган текширувлар асосида Агентлик томонидан солинади. Бунда текширув давомида аниқланган ҳуқуқбузарлик тўғрисида далолатнома тузилиб, у тегишинча Агентликнинг ва ҳуқуқбузар юридик шахснинг (бундан буён матнда ҳуқуқбузар деб юритилади) мансабдор шахслари томонидан имзоланади.

Ҳуқуқбузар (унинг вакили) далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, Агентликнинг мансабдор шахси ушбу фактни кўрсатилган далолатномага илова қилинадиган видеоёзув ёрдамида ёки икки нафар холис ҳозирлигида тасдиқлаши керак.

Ундирилган жарима миқдорининг ўн фоизи Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармасига, қолган қисми Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.

Жарима солиш учун асос бўлган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги ҳақида далолатнома расмийлаштирилган кундан эътиборан беш иш куни ичида Агентлик ҳуқуқбузарга нисбатан ушбу  Қонун 331-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган миқдорларда жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор Агентликнинг раҳбари (унинг ўрнини босувчи шахс) томонидан имзоланади ва бир иш куни ичида ҳуқуқбузарга юборилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ҳуқуқбузар ушбу қарорда назарда тутилган жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган жарима суммаси миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.

Ҳуқуқбузар томонидан жарима суммаси ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, Агентлик жаримани ундириш тўғрисидаги даъво аризасини судга белгиланган тартибда беш иш куни ичида беради.

Ҳуқуқбузар Агентликнинг жарима солиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.

Бундан ташқари, 2001 йил 30 августдаги «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги  267-II-сон   Қонунга товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартибини белгиловчи модда киритилди.

Жумладан, товар белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш –

Базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жарималар миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ҳуқуқбузар ушбу қарорда назарда тутилган жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Жарима суммаси миқдорининг 70 фоизи бир ой ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда,ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод қилинади.

2006 йил 18 сентябрдаги “Фирма номлари тўғрисида”ги қонун модда билан тўлдирилган, унга мувофиқ фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан  икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, 1996 йил 27 декабрдаги “Адвокатура тўғрисида”ги 349-1 сонли қонунга қатор хизматларни автоматлаштириш ва техник кўмак бериш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилган.

Жумладан, адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини руйхатдан ўтказиш энди давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.

Икром ШАЙМАНОВ,Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan