ЎЗБЕКИСТОН

Хотира бор экан — миллат барҳаёт

9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 77 йиллиги Сурхондарё вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.

Бу ерга Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, секторлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ташриф буюришиб, майдон узра таралган ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар. Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз ёд этилди. 

Президентимиз раҳнамолигида 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни бу йил мамлакатимиз бўйлаб ўзгача руҳда нишонланаётгани замирида аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш каби эзгу мақсадлар мужассам эканлиги дилдан ҳис қилинди.

1941-1945 йиллар давомида фронтга 53 минг 365 нафар сурхондарёлик жўнатилган. Уларнинг 11 минг нафари жангда ҳалок бўлган. Шундай дориломон кунларда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган бу қаҳрамонларимиз хотирасини ёд этиш, уруш майдонидан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда юртини, халқини унутмаган, бир қарич ерини душманга раво кўрмаган ёши улуғ бу метин иродали фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳар бир сурхондарёликка ҳам ғурур, ҳам фахр беради.

Хотира майдони оқшомга қадар юрт тинчлиги ва озодлиги, авлодларнинг порлоқ истиқболи учун жонини фидо қилган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат бажо этиш учун келган зиёратчилар билан гавжум бўлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan