Ҳарбий тадбирлар

БОЙСУН ТУМАНИДА “ВАТАНПАРВАРЛАР” ҲАРБИЙ СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИНИНГ ТУМАН БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ

Ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш, ҳарбий ва психологик тайёргарликка эга, буюк аждодларимиз каби мард, жасур, ҳалол, жисмонан бақувват, билимли, ватанпарвар, қийин ва экстремал вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини эгаллаган баркамол авлод этиб тарбиялаш мақсадида 2021-йилдан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилиши йўлга қўйилган. 

Жорий йилнинг 4 апрел куни Бойсун туманидаги Алпомиш марказий ўйингоҳида тумандаги умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида “Ватанпарварлар” ҳарбий спорт мусобақаларининг туман босқичи ўтказилди.

Ушбу мусобақада Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги Термиз гарнизони ҳарбий хизматчилари, туман ҳокимлиги, туман мудофаа ишлари бўлими, халқ таълими бўлими, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, маданият бўлими, фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда 10-11-синф ўқувчилари иштирок этишди.

Дасталаб иштирокчиларга Термиз гарнизони ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан замонавий қуро-яроқлар кўргазмаси ҳамда қўл жанги жамоасининг жанговар чиқишлари намойиш этилди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб, уч босқичда ўтказилаётган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақалари интеллектуал билим, юксак жисмоний тайёргарлик, бой тажриба ва кўникмаларга эга бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги авлодини тарбиялашга қаратилган бўлиб, унда ўқувчи-ёшлар мусобақа низомига мувофиқ “Сафда қўшиқ айтиш”, “Темур тузуклари”, “Моҳир мерган”, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш” шартлари бўйича ўзаро беллашадилар.

Ёшларни ҳам жисмонан, ҳам маънан етук, буюк аждодларимизга муносиб этиб тарбиялашда, уларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуларини янада оширишда бу каби мусобақалар муҳим аҳамиятга эга экани амалда ўз исботини топди. Ушбу мусобақа ёшлар учун ирода ва маҳорат синови бўлди дейди, ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари майор Жамолиддин Мирзаев.

Ниҳоят, муросасиз, қизғин баҳс-мунозаралар натижасига кўра «Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақасида учинчи ўринни 5-сонли умумий ўрта таълим мактабининг «Бургутлар» жамоаси, иккинчи ўринни 3 сонли умумўрта таълим мактабининг «Ёш гвардиячилар» жамоаси қўлга киритди ва 28 сонли умумий ўрта таълим мактабининг «Шунқорлар» жамоаси эса фахирли биринчи ўринни олиб вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

«Энг моҳир мерган» номинациясида Жасмина Турсунова (5 сонли умумий ўрта таълим мактаб), «Энг кучли спортчи» номинациясида Самандар Турсунов (6 сонли умумий ўрта таълим мактаб), «Амир Темур тузуклари билимдони» номинациясида Оғабек Сатторов (3 сонли умумий ўрта таълим мактаб) ғолибликни қўлга киритди.

Биринчиликни қўлга киритган жамоа ва номинация ғолибларига кубок, диплом ва эсдалик совғаларни Туман хокимлиги ва ҳарбий қисм командири топширди.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan