ДУНЁ

ЕОИИ Ўзбекистоннинг алоҳида лойиҳаларда иштирок этиш таклифини қўллаб-қувватлади

Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши Ўзбекистоннинг тўрт йўналишда, жумладан, темир йўл транспортини рақамлаштириш, «Евроосиё Экспресс» лойиҳаси ва бошқа йўналишларда ЕОИИ ишидаги иштирокини кенгайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, бош вазир Абдулла Арипов темир йўл ва автомобиль транспортида йўловчи ташишни тиклашни таклиф қилди.

Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ишида ўзаро манфаатдорлик йўналишлари бўйича иштирокини кенгайтириш ташаббусини мамнуният билан кутиб олди, дея хабар берди ЕОИИ матбуот хизмати.

Бош вазир Абдулла Арипов 25 февраль куни Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида Ўзбекистоннинг ЕОИИ доирасида электрон тижоратни ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамлаштириш, «Евроосиё Экспресс» (Евразийский экспресс) лойиҳаси ва бошқа ташаббусларда иштирок этишини маъқуллашни сўради. «Евроосиё Экспресс» лойиҳаси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш ҳамда уни диверсификация қилишга қаратилган.

«Ҳурматли ҳамкасбларимдан Ўзбекистоннинг электрон тижоратни ривожлантириш, темир йўл юкларини рақамлаштириш, „Евроосиё Экспресс“ логистика лойиҳаси ва бугунги йиғилишда кўриб чиқилаётган иқлим масалалари бўйича ҳамкорлик каби ташаббусларда иштирок этишини маъқуллашингизни сўрайман», — дея таъкидлади Арипов.

«ЕОИИ ҳудудидан ташқарига доимий қатновлар биринчи босқичда икки йўналишда — Хитой ва Ўзбекистонга ташкил этилади. Келажакда савдо йўналишлари Осиё ва Европа минтақаларининг бошқа мамлакатларига ҳам кенгайтирилиши мумкин», — деди Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) савдо вазири Андрей Слепнев.

Унинг сўзларига кўра, қатновнинг мунтазамлиги денгиз юкларига нисбатан рақобатбардош тарифларни шакллантириш, шунингдек, юкларни етказиб бериш муддатини (Хитойга 10−14 кунгача ва Ўзбекистонга 4−7 кунгача) қисқартириш имконини беради. Бундан ташқари, барча зарур инфратузилмани — логистика таъминот занжирини яратиш режалаштирилган.

Абдулла Арипов ЕОИИга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажмини ошириш Ўзбекистон учун устувор вазифа эканини таъкидлади. Унинг фикрича, тўлақонли эркин савдо режимига ўтиш учун тўсиқлар бўлиши ва янги чекловларни жорий қилишдан тийилиш керак.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари техник регламентлар, санитария, фитосанитария ва ветеринария талабларини мувофиқлаштириш ва ўзаро тан олиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон тарифларсиз тартибга солинадиган соҳадаги ҳуқуқий ҳужжатларни яқинлаштириш ва унификация қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ЕИК кўмагига ишонади.

Шунингдек, бош вазир Ўзбекистон ЕОИИ билан савдо алоқаларида товарларни кузатиб бориш механизмини ва электрон навигация муҳрлари тизимини жорий этиш бўйича тажриба алмашишдан манфаатдор эканлигини айтди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари дунёда эпидемиологик вазият барқарорлашгани ва аҳолини эмлаш ишлари давом этаётганини инобатга олиб, темир йўл ва автомобиль транспортида йўловчи ташишни қайта тиклашни таклиф қилди.

Абдулла Арипов расмий ва ишбилармон доираларни 24−26 март кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форуми ва 25−27 апрель кунлари бўлиб ўтадиган «INNOPROM. Central Asia» халқаро саноат кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилди.

Бош вазир 2021 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 30 фоизга ўсиб, қарийб 12,7 млрд долларни ташкил қилганини маълум қилди. Бунда экспорт — 4 млрд доллардан кўпроқни, импорт эса — 8,6 млрд долларни ташкил этган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan