Uncategorized

Бойсун туманидаги профилактика инспекторларига хизмат отлари берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Сурхондарёда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа бир қатор соҳаларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Бойсун туманида олиб борилаётган ислоҳотлар, туманда Ички ишлар соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда соҳа фидоийларини рағбатлантириш мақсадида, куни кеча Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳудудидаги “Болалар” истироҳат боғида тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Б.Абдуллаев, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов, Бойсун туман ҳокими А.Жўраев ва бир қатор ички ишлар вазирлиги ҳамда туман ҳокимлиги, ташкилот мутасаддилари иштирок этишди.

Даставвал, Бойсун туманида фаолият олиб бораётган уста ҳунармандлар томонидан намойиш этилган кўргазмада миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий чолғу асбоблари ҳунармадлари, каштачилик, гиламдўзлик, кулолчилик, намуналари кўздан кечирилди. Шундан сўнг, туман ҳудудида истиқомат қилаётган 8 нафар 16 ёшга тўлган ёшларга фуқаролик паспортлари топширилиб, бадиий китоблар совға қилинди.

Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Б.Абдуллаев тумандаги 19 нафар профилактика инспекторларига компьютер жамланмаларини топшириб, бу уларнинг иш фаолиятини самарали йўлга қўйишда анча қўл келишини таъкидлади.

Шу билан бирга, намунали хизмат олиб бораётган 9 нафар профилактика инспектори Ички ишлар вазири ўринбосарининг ташаккурнома ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Тоғли ҳудудларда профилактика инспекторлари узоқ масофага пиёда юришга мажбур бўлишарди. Эндиликда уларнинг узоғини яқин қилиш, иш жараёнида қулайлик яратиш мақсадида, от уловлари бериш амалиётга жорий қилинмоқда.

Шу мақсадда, илк бор тумандаги тоғли ҳудудларда хизмат олиб бораётган 7 нафар профилактика инспекторига хизмат отлари ҳам тантанали равишда топширилди. Ташкил этилган тадбир давомида, бахшилар томонидан ўзбек миллий достонларидан парчалар куйланди, санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб, тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди

Тадбир иштирокчилари тумандаги “Омонхона” соғломлаштириш масканида хизмат ўтаётган Сурхондарё вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан фуқаролар ва сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари билан ҳам яқиндан танишишди.  Танишув жараёнида Омонхонага ташриф буюрган меҳмонлар билан самимий муносабатда бўлишлари  хизмат олиб боришлари уқтирилди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти профессор ўқитувчилари томонидан воҳа ҳудудларида хизмат ўтаётган профилактика инспекторларининг малака ва тажрибасини ошириш мақсадида ўқув ҳам ташкил этилди. Унда Бойсун туман профилактика инспекторлари билим ва тажрибасини мутаҳкамлашди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи полковник О.Ахмедов бошчилигида Сурхондарё вилоятига келган профессор ўқитувчилар воҳада хизмат олиб бораётган профилактика инспекторларининг касбий маҳоратларини, билим ва кўникмаларини ошириш борасидаги ўқув ишлари ҳар бир туман ҳудудларида давом этмоқда.

Бойсун туманининг узоқ тоғли ҳудудларидан бири ҳисобланган “Ҳунармандлар” маҳалласида хизмат олиб бораётган профилактика катта инспектори Ф.Мўминов, ўз ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда, уларнинг муаммоларини ўрганишда яна бир қулайлик яратилганлигидан мамнунлигини билдириб, бириктирилган Хизмат отлари билан хизматни ўташда биринчи навбатда вақтнинг тежалиши, қор-ёмғир кунлари тоғ йўлларида юришнинг осонлашганига хизмат қилса, ҳудудни кўздан кечиришда жуда қулайликлар яратилганлигидан хурсанд бўлиб, Давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарларига ўз миннатдорчилигини билдириб, хизмат ҳудудида ҳар қандай  кўринишдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда бор куч ғайратини сафарбар этишга сўз бериб, бириктирлган хизмат отига миниб, хазматни давом эттириш учун йўл олди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan