Uncategorized

Комил Алламжонов: Туппа-тузук ишлаб турган тизимни бузишни кимга кераги бор?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари биринчи ўқишда матбуотга жиддий молиявий зарар келтириши мумкин бўлган «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилибди.

Энг қизиғи, биздан ҳам бу борада таклиф сўрашган эди. Лекин тушунишимизча, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси бизнинг таклифларни киритмаган ёки яна бошқа сабаб бор. Ҳозирча бизга бу қоронғу. Ваҳоланки, Бош вазиримиз бошчилигида ўтказилган йиғилишда ушбу масала муҳокама қилиниб, матбуот соҳасидаги қонун лойиҳаси, албатта, матбуотчилар билан келишилган ҳолда, уларни “ўлдириш” эмас, балки молиявий ривожланишига омил бўладиган кўринишда киритилиши кераклиги таъкидланган эди.

Бундан ташқари, депутатларимиз нима хужжат кирса ҳам тугмани босиб ўтирмасдан уни қабул қилишдан олдин, сал масъулиятни ҳис қилиб, ўша қонунлар оқибатини ҳам ўйласалар яхши бўларди. Туппа-тузук ишлаб турган тизимни бузишни кимга кераги бор? Ушбу ҳужжат 98,4% овоз билан биринчи ўқишда қабул қилинибди. Бу дегани деярли ҳеч ким қарши бўлмаган бу чекловларга. Мақсадингиз тушунарсиз.

Мана персоналлаштириш ҳақида қабул қилган қонунингиз ҳам умуман ишламаяпти. Унга асосан ҳозирда барча гигант IT-компаниялар ва ижтимоий тармоқлар, жумладан, Google Facebook, Instagram, TikTok, YouTube ва Yandex деньги каби банк тўлов тизимлари кабилар ўз серверларини республикамиз худудига ўрнатишлари акс холда жаримага тортилиши ва ишлай олмаслиги керак. Ваҳоланки, Facebook, Google ва бошка ижтимоий тармоқ ва платформалар нафақат жарима, балки вазирликлар сўровига жавоб ҳам бермаяпти. Шартимизга гигантлар кўнмаса эртага нима бўлади? Яна ўчириб қўямизми? Балки Шимолий Кореяга хавас қилаётгандирсиз?Албатта, бу бошқа масала.

Ҳурматли депутатлар, агар маҳаллий матбуот ўлса, эртага, ҳатто, ўз сайлов кампаниянгизни ҳам чет эл матбуоти орқали ялиниб, ёлвориб амалга оширишингизга тўғри келиб қолиши мумкин. Ундан ташқари, ўзи шундоқ ҳам осон бўлмаган кунларни бошидан ўтказаётган давлат бюджетига ҳам сезиларли зарар келтиради бу ҳужжат.

Хусусий телеканаллар бюджет пулига эмас, фақатгина реклама орқали кун кўради ва ривожланади. Агар рекламага ўйлаб, ўйламай тўсиқлар қўйилса, яна ҳамма кабель телеканаллари, Россия ва хориж каналларини кўришга ўтади, улар ғояси билан боқилади. Ёки шуми мақсад?

Масс-медиа фонди ушбу қонун лойиҳасига мутлақо қарши. Биз барча матбуотчилар номидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатдан журналистларни қўллаб-қувватлаш, унинг ривожига ғов бўладиган, уни молиявий жиҳатдан “ўлдирадиган” қонунлар қабул қилиш ва маъқуллашнинг олдини олишни сўраб қоламиз.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan