Uncategorized

Бўлажак шифокорлар Сурхондарёга ишлаш учун таклиф этилди

Пойтахтимиздаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида сурхондарёлик тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчи ёшлари билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва ҳудуднинг соғлиқни сақлаш бошқармаси, тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари учрашди.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган учрашувда вилоятдан келган масъул ходимлар бўлажак оқ ҳалат соҳибларини ҳудуддаги тиббиёт муассасаларига ишлашга таклиф этди.

Тадбирда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент давлат стоматология институти ва Тошкент фармацевтика институтларидаги битирувчи курс талабалари вилоятдаги шарт-шароит, бўш иш ўринлари ҳамда ўз ҳудудига бориб фаолият юритадиган ёшларга яратиб бериладиган қулайлик ва имтиёзлар билан таништирилди.

Кейинги йилларда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор сабаб вилоятлардаги даволаш профилактика муассасалари ҳам ҳар жиҳатдан пойтахтимиздагилардан ортда қолаётгани йўқ. Халқаро стандарларга кўра жиҳозланиб, ўз жозибадорлигини ошириб бормоқда.

Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги тиббиёт муассасалари қайта таъмирланиб, замонавий тиббий технологиялар билан янгича қиёфа касб этмоқда. Охирги икки йилда вилоятда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий амалий тиббиёт маркази Термиз филиали, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиали, вилоят фтизиатрия ва пульмонология муассасаси, Республика ихтисослаштирилган Урология илмий-амалий тиббиёт маркази Термиз филиали ва травматология-ортопедия муассасалари фаолияти йўлга қўйилди.

Ёшлар билан мулоқотда Президентимизнинг 2020 йил 13 ноябрь куни “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда ишлашга борадиган ёш мутахассисларга тақдим этиладиган имтиёзлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ҳужжатга кўра, “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилиниб, унинг доирасида: тиббиёт олий таълим муассасасини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари берилиши ҳамда турли имтиёз ва компенсацияларга эга бўлишига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумотларга қараганда, вилоятда жами 236 та тиббиёт муассасалари фаолият юритиб, 3 минг 986 нафар шифокор ишлайди. Республика бўйича хар 10 минг нафар аҳолига шифокорлар билан таъминланганлик даражаси 23,0 фоизни ташкил қилган бир пайтда Сурхондарё вилоятида бу кўрсаткич 14,8 фоизга тенг бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил мана шундай тадбирлар орқали 350 нафарга яқин битирувчи ёшларнинг Сурхондарё вилоятига, ўз туғилиб ўсган юрти, ота онасининг бағрига қайтиб, касбий фаолиятини олиб боришига эришилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan