Uncategorized

Аслида ҳимоя шахсларга боғлиқ бўлиши керак эмас. Қонун устувор бўлиши, ҳар бир фуқаро, журналист, блогер ёки матбуот ўз ўзини ҳимоя, ҳақ-ҳуқуқини эса талаб қила олиши керак!

(Фикрларимни содда қилиб тушунтириб беришга ҳаракат қиламан).

Бошидан бошлаб…

Бугунги давр матбуотини агар янги туғилган чақалоқга тенглаштирсак, албатта у оёққа туриши, юриб кетиши учун, унга кўмак, ҳимоя керак эди. Худди шу ҳимоя АОКА вазифаларидан бири бўлган. Нима учун ўша даврдаги ҳукумат таркибидаги Матбуот ва ахборот агентлиги мавқеи кўтарилиб, президент администрацияси тузилмасига киритилди ёки унинг директори аввал вазир даражасида бўлса, кейинчалик президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилди? Чунки матбуот 90 фоиз ҳолатда ҳукумат таркибига кирувчи ташкилотлар, вазирликлар, идоралар, қўмита ва ҳокимликлар, яъни ижро аппарати фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Демак агар агентлик Вазирлар Маҳкамаси таркибида бўлса ва директор даражаси бошқа вазирлар билан тенг бўлса гапини ўтказа олиши, ҳимоя қила олиши, керак пайтда ҳисобот ва ахборот беришга ундаши қийин кечади. Бу ҳолатда матбуотни бугунгидек кўтариб бўлмас эди. Яна қонунларга ўзгартириш киритиш, кўплаб норматив ҳужжатлар яратиш ҳукумат таркибида тезроқ кечадими ёки ундан юқори президент администрацияси таркибидами?

Хуллас, АОКА юқорида айтганимдек гўдак матбуотга энага қилиб белгиланган эди ўшанда. Ва шунинг учун ҳам журналист ёки блогерлар томонидан қонунлар бузилса ҳам, хатолар бўлса ҳам кўз юмиб турайлик, матбуот жонланиб олсин, дея тарғиб қилар эдик. Орадан мана 4 йил вақт ўтди. Урилиб, сурилиб, гоҳида қашқа бўлиб, гоҳида ғурра, безори болалар билан уришиб, талашиб, матбуот анча етилиб, тишлари чиқиб, кўчада бемалол юра бошлади. Буни кузатиб турган энага ҳам секин аста ўзини орқага тортди. Бир сўз билан айтганда улар чинакам ҳаётга учирма қилинди.
Энди минбардан туриб, сизни ҳимоя қиламиз, бизнинг ҳимоямиздасиз дейдиган гаплар даври ўтди. Энди ҳар бир журналист ва блогер аввало ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган даражада бўлиши керак. Қонунларни яхши билиши, журналистика этикаларига риоя қилиб ишлаши керак. Аслида бу соҳада ҳам тартиб бўлиши шарт. Бу жуда муҳим. Ана ўшандагина журналистнинг тили узун, боши мағрур бўлади.

(Вазият кўрсатяптики, спрос бошланди)

Ўтган ҳафта давомида бўлиб ўтган воқелар шуни кўрсатдики, матбуот гапини айта оладиган, ҳар қандай унга нисбатан огоҳлантиришларга муносабат, эътироз билдира оладиган, очиқ баҳслаша оладиган даврга ҳам етиб келди. Бу аслида Президент бошчилигида яратилган сўз эркинлиги концепциясининг амалда ишлаётгани белгиси бўлади. Сўз эркин бўлдики босим бўляпти дея оляпсиз, сизга эътироз билдирган давлат ташкилотига фикрингизни бемалол тенгма тенг айта оляпсиз. Бошингизга бир уриб мана сенга хат жим ўтир дейдиган даврлар ўтганидан дарак бу. Албатта қийинчиликлар кўп, лекин ким айтувди осон бўлади деб? Ушбу даражага етиб келишда бизга ҳам ўзи учун туриб бера олиш сизга ҳам осон эмас. Шунинг учун ҳам биз айнан шу сафар жим ўтирдик, кузатдик ва изоҳ бермадик. Баҳслар, тортишувлар фақат ривожлантиради давлатни.
Бир сўз билан айтганда қўлингизни тушурманг ҳурматли ҳамкасблар! Биз тўғри йўлдамиз. Энг асосийси билингки, ушбу жараёнга тўсиқ ёки қаршиликлар бўлиши мумкин, лекин бу фойдасиз. Катта ғилдирак жойидан қўзғалиб юриб бўлди. Энди у тўхтамайди. Чунки ушбу ислоҳотнинг концепцияси жуда пухта яратилган!

PS: ўз вазифасидан келиб чиқиб бизни ёмон деган амалдорлар эртага ишдан кетиб, оддий одам бўлиб, жамият қаторига қўшилса, матбуот қанчалар одамлар дардига малҳам эканлигини тушунади. Масалага қайси нуқтадан туриб қараш жуда муҳим!

К. Алламжонов

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan